Xabar-Institut yangiliklari

image description

“Пандемия шароитида талаба ёшларнинг бўш вақтини самарали ташкил этиш“ мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди

Самарқанд Ветеринария медицинаси институти Ветеринария профилактикаси ва даволаш факултети мутассадилари томонидан Самарқанд Ветеринария медицинаси институти профессор ўқитувчилар, фаол ота-оналари ва талаба ёшлари иштирокида ZOOM дастури орқали “Пандемия шароитида талаба ёшларнинг бўш вақтини самарали ташкил этиш” мавзусида видеоконференция ташкил этилди. Мулоқотни Ветеринария профилактикаси ва даволаш факултети декани Ҳ.Ниёзов олиб борди ва барча қатнашчиларни кун тартибига қўйилган мавзу юзасидаги режалар билан таништирди.

      Энг аввало, очиқ мулоқотни очиб бериш учун институт ректори Х.Б.Юнусов сўзга чиқди ва ташкил этилган очиқ мулоқотдан кўзланган асосий мақсад талаба ёшларимиз соғлом ижтимоий муҳитда камол топиши учун уларнинг ижтимоий тармоқлардан тўғри ва унумли фойдаланиш кўникмасини ривожлантиришимиз кераклиги тўғрисида гапириб ўтди.

Сўнг институтнинг Ёшлар билан ишлаш бўйича ректор ўринбосари А.Гаппаров сўзга чиқиб, бугунги кун учун долзарб мавзу юзасидан ўз фикр мулоҳазаларини айтиб ўтди. Пандемия даврида ҳам талабалар ўз ижтимоий фаолликларини йўқотмаган ҳолда республика доирасида ташкил этилаётган талабалар фестивали, олимпиада ва конференцияларда онлайн тарзда, институтимиз номидан қатнашиб келаётганлиги тўғрисида ўз фикрини баён этди.

Конференция давомида “Ички юқумсиз касалликлар” кафедраси мудири, профессор Б.Бакиров талабалар бўш вақтининг қадрига етишлари лозимлиги ҳамда ундан унумли фойдаланишлари учун кўпроқ спорт билан шуғулланишлари, хорижий тилларни мукаммал ўрганишга эътибор беришлари кераклигини айтиб ўтди. Бунинг учун ижтимоий тармоқларда жудаям кўплаб адабиётлар ва видео дарслар борлигини айтди.

      Шу билан бирга, онлайн тадбир давомида “Ижтимоий тармоқлар орқали онлайн равишда 5 муҳим ташаббус доирасида ташкил этилган танловларда факултет талабалари иштироки” мавзусида Ветеринария профилактикаси ва даволаш факултети 5 муҳим ташаббус бўйича маъсул куратори Г. Раҳмонова ҳам ўз презентацияси билан иштирок этди.

      Қолаверса, фаол талаба ёшлар ҳам сўзга чиқиб, институтда модул таълим платформасининг яхши йўлга қўйилганлиги ҳамда ўзларининг карантин даврида эришган ютуқлари бўйича фикр мулоҳазаларини билдириб ўтдилар. Айниқса, 111-гуруҳ талабаси Рафиқова Нусратой томонидан 30-июл “Халқаро дўстлик куни” муносабати билан рус тилида шеър ижро этгани конференция иштирокчиларида катта таасурот қолдирди.

      “Ветеринария жарроҳлиги ва акушерлик” кафедраси мудири Б.Эшбўриев барча тадбир иштирокчиларига бу каби очиқ мулоқотларнинг кўплаб ўтказилаётгани талабаларнинг бўш вақтларидан самарали фойдаланиш ва уларнинг пандемия шароитида ҳам таълим олишни узлуксиз давом эттиришлари учун катта ёрдам бераётганини айтди. Яна шуни таъкидлаб ўтдики, эндиликда барча талабалар ва профессор-ўқитувчилар бугунги пандемия шароитидаги онлайн таълим жараёнига мослашиши, унинг афзаллик томонлари ҳақида ўз фикрларини баён этди.

          Тадбир сўнгида барча мулоқот иштирокчилари ўз фикр-мулоҳазалари ва ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат этди. Мулоқот самимий ва қизғин савол-жавоблар руҳи остида ўтди.

 

Foydali saytlar

Veterinariya sohasining rivojlanishiga o'z hissalarini qo'shib kelayotgan hamkorlarimiz