Xabar-Institut yangiliklari

image description

БЕЛАРУСЛИК МУТАХАССИСЛАР ҚЎШМА КОРХОНА ОЧИШДА САМАРҚАНД ВЕТЕРИНАРИЯ МЕДИЦИНАСИ ИНСТИТУТИ БИЛАН ҲАМКОРЛИК ҚИЛАДИ

Самарқанд Ветеринария медицинаси институтига Беларусь Республикаси Витебск “БелВетУниФарм” ишлаб чиқариш корхонаси мутасаддиларидан иборат делегация ташриф буюрди. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларида биофармацевтика дори маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича етакчи ўринларда турувчи мазкур  корхонанинг бўлим бошлиқлари Александр Ляховский ҳамда Дмитрий Кулишовлар таълим муассасаси ректори, профессор Худойназар Юнусов бошлиқ  институт раҳбарияти билан учрашди. 

Айни кунда мамлакатимизда ветеринария препаратлари ишлаб чиқаришни замон талаблари даражасида модернизация қилиш, чорва ҳайвонлари ва паррандаларда қайд этилаётган турли юқумли ва юқумсиз касалликларнинг диагностикаси, даволаш ва уларга қарши курашнинг илмий асосланган тизим ва воситаларини жорий этиш, бу йўлда ҳорижий ҳамкорларнинг тажриба ва малакаларидан фойдаланиш, қолаверса, илмий ва амалий ҳамкорликни кенг миқёсда йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 Бу борада Ўзбекистоннинг энг яқин ҳамкорларидан бири бўлган Беларусь Республикаси Витебск  ишлаб чиқариш корхонаси мутасаддиларининг маълумотига кўра, айни кунда корхона томонидан 154 та турдаги  ветеринария дори воситалари, антибактериал, паразитларга қарши, витамин ва озуқа қўшимчалари ва ҳоказо препаратлар ишлаб чиқарилмоқда. Улар минтақадаги деярли барча давлатларга экспорт қилинади.

 Мазкур ташрифдан кўзланган мақсад, келгусида улар мамлакатимизда худди шундай турлардаги дори маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи Беларусь-Ўзбекистон қўшма корхонасини ташкил этиш ва бу йўлда Самарқанд Ветеринария медицинаси институти ва Ветеринария илмий-тадқиқот институтларининг олимлари ва тадқиқотчилари билан ҳамкорлик қилишдан иборат.  

 Профессор Юнусов меҳмонлар томонидан билдирилган бу таклифларни маъқуллади ва бугун мамлакатимизда ветеринария препаратларига талаб юқори бўлиб, дори воситаларини ишлаб чиқаришнинг илғор технологияларини ўзлаштирган ҳолда, мамлакатимиздаги дори маҳсулотларини ҳалқаро талабларга мувофиқлаштириш ва стандартлаштириш зарурият эканини таъкидлади. Шунингдек, институтда жорий этилиши кутилаётган янги лойиҳа - Таълим Кластерида бу амалиёт ижобий натижа бериши мумкинлиги  барча мутахассислар томонидан қайд этилди. Кластерга 4 та Илмий тадқиқот институтларининг жалб этилиши эса бу ҳамкорликнинг янада самарадорлигини таъминлайдиган омилдир. 

Ректор томонидан яна бир таклиф илгари сурилди. Унга кўра, Витебскда қўшма дастур асосида таълим олаётган талабалар ўқув малака амалиётини  “БелВетУниФарм” корхонасида ўташ имкониятининг яратилишидир. 

Мулоқот давомида томонлар ҳамкорликнинг янги босқичида эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар бўйича фикр-мулоҳазалар алмашди. 

Гулчеҳра Бердиёрова

 

Foydali saytlar

Veterinariya sohasining rivojlanishiga o'z hissalarini qo'shib kelayotgan hamkorlarimiz