Yangiliklar

“ҚИЗЛАР ДАВРАСИ” ТАЛАБА ҚИЗЛАРНИ ҲАЁТГА ТАЙЁРЛАЙДИ

“ҚИЗЛАР ДАВРАСИ” ТАЛАБА ҚИЗЛАРНИ ҲАЁТГА ТАЙЁРЛАЙДИ

Талаба қизлар жамиятнинг энг илғор қатлами. Чиройли таклифлар, турли инновацион ғоялар, ташаббуслар кўпинча илм олаётган қизлар томонидан илгари сурилади. Шу сабабли,  Аёллар, хотин-қизлар  – жамият гултожи, борлиқ  сабабчиси сифатида эъзозланар, балки...


Республикамиз  олий таълим муассасаларида ўтказилаётган “Қизлар давраси”  кўрик-танловининг  иккинчи босқичини кузатаркансиз,  бунга яна бир  амин бўласиз. Самарқанд Ветеринария медицинаси институти хотин-қизлар кенгаши раиси, доцент Жамила Сайфуддинованинг сўзларига кўра, институт талаба қизлари орасида Халқаро ва Республика миқёсидаги тадбирлар иштирокчилари ва совриндорлари, олимпиадалар, турли кўрик-танловлар  ғолиблари, стипендиатлар, ёш илмий тадқиқотчилар, бўлажак олималар бор. Улар ўзларининг билимдонликлари, юксак иқтидорлари ва қобилиятлари билан нафақат институт, балки юртимиз шаънини нозик елкаларида кўтариб туришади.


Тадбирдан кўзланган мақсад ҳам қизларнинг илм-фан  соҳасидаги  ютуқларини намоён қилиш, уларнинг жамиятдаги фаоллигини  яна ҳам кучайтириш,  ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш орқали   касбий маҳоратларини ошириш ва бўлажак оилавий ҳаётга  тайёрлашдан иборатдир.  


“Қизлар давраси”да  институтнинг 5та факультетидан 5 нафар иқтидорли, фаол ва аълочи талаба қизлар иштирок этишди ва улар 4 шарт бўйича беллашдилар. Китобхонлик тарғиботи, пазандалик маҳоратини намойиш этиш, ўзи ҳақидаги маълумотни оригинал тарзда саҳнада кўрсатиш ва эркин мавзуни ўз ичига олган  танлов шартлари қизлар томонидан маҳорат билан ижро этилди ва Ҳакамлар ҳайъати томонидан  баҳолаб борилди. 


Иқтисодиёт ва агротехнология  факультети талабаси, Беруний Давлат стипендияси соҳиби  Гўзал Салаева энг юқори балл тўплаб, танлов ғолиблигини қўлга киритди. Энди у кўрик-танловнинг ҳудудий босқичида институт номидан иштирок этади. 


Танлов якунида ғолиб ва иштирокчиларга  Фаҳрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди. 
Шунингдек, фаол аёллар ва хотин-қизлар ҳам институт раҳбарияти ва хотин қизлар кенгаши томонидан  тақдирландилар.

Гулчеҳра Бердиёрова