Xabar-Institut yangiliklari

image description

АКАДЕМИЯ РЕКТОРИ САМВМИ ЁШЛАРИ БИЛАН УЧРАШДИ

Самарқанд Ветеринария медицинаси институтида меҳмон бўлиб турган Витебск Давлат Ветеринария медицинаси Академияси ректори Николай Гавриченко бугун институт талаба ёшлари билан учрашди. Учрашувда қўшма факультет, шунингдек таълим рус тилида олиб бориладиган гуруҳлар талабалари иштирок этишди. 

Мулоқот давомида фаҳрий меҳмон ўзи раҳбарлик қилувчи таълим муассасаси, Академия тайёрлайдиган мутахассис кадрларнинг Белорусь республикасида тутган ўрни, олий таълим даргоҳининг бугунги ҳаёти, Ўзбекистон ва қолаверса Самарқанд Ветеринария медицинаси институти билан ҳамкорлик алоқалари хусусида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди.  

 Николай Ивановичнинг фикрига кўра, бугун соҳа мутахассислари, ветеринарлар, зоотехниклар, биотехнологлар ва ҳоказо касб мутахассисларига талаб кучайган. Рақобат ҳам кучли.

Негаки, қишлоқ хўжалиги соҳасининг ривожини ветеринария ва зооинженерия хизматларисиз тасаввур қилиш қийин. Соҳа замонавий билимлар асосида янгиланмоқда. Салкам бир асрлик ( 95 йиллик) катта тарихга эга ўқув маскани бу давр мобайнида мамлакатда, қолаверса Европада ва жаҳонда нуфузли ОТМ қаторига кириб улгурган. Шу кунга қадар Академияда 35 000 нафардан зиёд мутахассислар тайёрланган. Биз улар билан ҳақли равишда фаҳрланамиз, улар биз берган билимлар асосида мамлакатимизда, қолаверса дунёнинг турли бурчакларида фаолият олиб боришмоқда, дейди Гавриченко. Шунингдек, ректор Академияда талабалар учун яратилган шароитлар, таълим жараёнлари, муассасанинг халқаро ҳамкорлик алоқалари ва бошқалар ҳақида гапириб берди.

Аввал хабар қилганимиздек, март ойининг иккинчи ярмида Самарқанд Ветеринария медицинаси институтининг 15 нафар талабаси Витебск Академиясига ўқишга жўнаб кетишади. Институт ректори профессор Худайназар Юнусов Алмашинув дастури бўйича Академияга йўл олаётган бу ёшлардан имкониятдан фойдаланиб , билимларни яхши ўзлаштиришлари талаб этилишини яна бир марта таъкидлади. Дастур, ўқитиладиган фанлар, ҳатто шароит ҳам яқин, фақат ўқитувчи-профессорлар ўзгариши айтилди.

Талабаларнинг тил ўрганишга бўлган интилишлари, ўз она тилидан ташқари, инглиз ва рус тилида равон сўзлашлари, илм фанни рус ва бошқа ҳорижий тиллар орқали ўзлаштиришлари қувончли ва эътирофга лойиқ ҳолат эканлиги ва бу интилишлар келажакда албатта ўз самарасини беришини алоҳида таъкидлади Худойназар Бекназарович. 

Учрашувда талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар билан ҳар иккала таълим муассаси раҳбарларига мурожаат қилишди. Соҳа сирларини чуқурроқ ўрганиш ва яхши мутахасис бўлиш учун нималарга эътибор бериш лозимлиги хусусида икки таниқли олим ва раҳбар, қолаверса устозларнинг фикр-мулоҳазалари кўпчилик ёшлар учун ибрат ва келажакка йўл бўлса ажабмас.

Гулчеҳра Бердиёрова   

Foydali saytlar

Veterinariya sohasining rivojlanishiga o'z hissalarini qo'shib kelayotgan hamkorlarimiz