Xabar-Institut yangiliklari

image description

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДА ТАРҚАЛГАН МАЪЛУМОТЛАРГА САМАРҚАНД ВЕТЕРИНАРИЯ ИНСТИТУТИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ МУНОСАБАТ БИЛДИРАДИ:

Жорий йилнинг 11 сентябр куни  “Фейсбук”  ижтимоий тармоғидаги “Мнение  народа   - Халқ фикри” гуруҳида,  шунингдек Телеграмм мессенжерининг  “Сиздан телеграмм”  расмий - оммабоп каналида  Самарқанд Ветеринария медицинаси  институти талабалари номидан ёзилган шикоят хати эълон қилинган эди. Унда айтилишича, институт талабалари 3 ойлик стипендияларини ололмаётган бир пайтда, институт ректори Х.Юнусов янги “МАЛИБУ”  автомобили харид қилган.   Ушбу маълумот бўйича қуйидагиларни  маълум қиламиз. 
Тан олиш лозимки, хатда айтилган фикрлар қисман тўғри. Олий таълим муассасаси  ректори ва  олийгоҳ мутасаддилари бунинг учун  талабалардан узр сўрайди ва вазиятга аниқлик киритади.
Маълумот интернет тармоқларида  тарқатилган куннинг эртасига, яъни 12 сентябрь куни  Талабаларнинг бир ойлик (июль  ойи учун) стипендиялари тўлаб берилади. Бу ҳақда вилоят  Ғазначилик бошқармасига маълумот  қилинди.  
Шу кунга қадар, ўтган йиллар мобайнида  июль-август ойлари учун стипендиялар куз мавсуми давомида тўлаб берилганлиги талабаларга  маълум. Шунингдек,  жорий йилнинг  январь, июль ойларида ( йил ҳисобидан икки марта)  ўқитувчи-проффессорларнинг  ойлик маошлари оширилганлиги ҳам талабалар стипендияларининг   кечикишига  маълум маънода сабаб бўлиши мумкин.  Устозларга маош тўланиши учун   таълим муассасаси  “Ипотека” банкидан   1 млрд. сўм миқдорда  кредит олганлигини  илова қиламиз. 


“Малибу” автомашинаси   масаласига келсак,  Самарқанд Ветеринария медицинаси институти  Ўзбекистон Республикаси  Ветеринария ва чорвачиликни  ривожлантириш   Давлат қўмитаси томонидан молиялаштирилади.  Қўмита раиси Б.Норқобиловнинг  2019 йил, 24  июндаги  43  и/ч-сонли  буйруғига кўра,  “МАЛИБУ 2 А/Т” автомашинаси институт раҳбариятига  тақдим этилган. Демак, автомашина институт  ҳисобидан харид қилинмаган.

Одатда талабалар  ҳар ой учун стипендияларини жорий ойнинг 20 санасига қадар олишади. Сентябрь ойи учун ҳам шундай тартиб амалда.  Август ойи учун стипендия эса,  мавжуд молиявий имкониятлар ҳисобга олиниб,  сентябр ойининг  17 санасига қадар тўлаб берилиши қатьий назоратга олинади.  
 

Самарқанд Ветеринария медицинаси  институти Ахборот хизмати.

Foydali saytlar

Veterinariya sohasining rivojlanishiga o'z hissalarini qo'shib kelayotgan hamkorlarimiz