E'lonlar

МЕҲРИБОН УСТОЗ, ТАЖРИБАЛИ МУТАХАССИС ЭДИ

МЕҲРИБОН УСТОЗ, ТАЖРИБАЛИ МУТАХАССИС ЭДИ

МЕҲРИБОН УСТОЗ, ТАЖРИБАЛИ  МУТАХАССИС ЭДИ

Чалабаев Абдусамат Жавманович 1954-йилда Самарқанд вилоятининг Пайариқ тумани Пахтакор ж/х  Чинобод қишлоғида Жавман ота Чалабоев оиласида дунёга келади. Оилада опасидан кейин тўнғич ўғил фарзанд бўлганлиги учун укаси ва синглисига ғамхўрлик қилиш, шу билан бирга оила бошига ёрдамчи бўлиш унинг зиммасида эди. Мактабдаги зийраклилиги, билимдонлиги ёш Абдусамат Жавмановични 1973 йилда Самарқанд қишлоқ хўжалик институтига бошлаб келади. Чалабаев Абдусамат Жавманович олийгоҳни 1978 йилда ало баҳолар билан тугатгач, ўша йилнинг ўзидаёқ ҳарбий хизматга жалб этилади ва Афғонистондаги фуқаролар уруши бўлаётган палигонга жўнатилади. 25 ёшлик навқирон Абдусамат Жавманович қуролдош дўстлари билан биргаликда урушнинг бор қийинчиликларига гувоҳ бўлиб,оиласи бағрига қайтади. Хизматлари учун Собиқ Иттифоқ қуролли кучларининг 70 йиллиги мунособати билан таъсис этилган кўкрак нишони билан тақдирланади. Ўз касбига ва илмга қизиқиши Абдусамат Жавмановични Ўзбекистон ветеринария илмий тадқиқот институтига чорлайди ва кичик илмий ходим вазифасида фаолият юритади. Таълим тарбияга лаёқати борлиги илм фанга қизиқиши уни ўз таҳсил олган олийгоҳга етаклайди. 1980 йилдан  2020 йилгача институтнинг  Зоология ва табиатни муҳофаза қилиш, Чорва озуқаси ва ҳайвонларни озиқлантириш технологияси, Зоогигиена,  Яйлов чорвачилиги ва ҳайвонларни озиқлантириш технологияси, Қоракўлчилик, Ҳайвонларни озиқлантириш ва гигиена, Паразитология ва ветеринария ишини ташкил этиш кафедраларида дастлаб ассистент, сўнгра катта ўқитувчи лавозимларида муваффақиятли фаолият юритади. Абдусамат Жавманович услубий жиҳатдан лаёқатли ва билимдон эканлиги боис кўп йиллар давомида Зоотехния ва қоракўлчилик факультетининг ўқув ишлари  бўйича декан ўринбосари лавозимида ва  курс раҳбари сифатида фаолият олиб борди, натижада  бир қанча ютуқларга эришди. Меҳрибон устоз ўзининг 47 йиллик меҳнат фаолияти давомида бирор маротаба танлаган эзгу ишидан адашмади. Абдусамат Жавманович намунали педагок, талабчан раҳбар бўлиш билан бир қаторда илм фан соҳасида 90 га яқин илмий ва ўқув услубий ишлар чоп этди, талабаларга ўз билимларини қунт билан ўргатди. 43 йиллик турмуши давомида оиласи Турсуной опа Шерназаровна билан 5 нафар фарзандни вояга етказиб барчасини олий маьлумотли қилиб тарбиялашди. Фарзандлари ҳозирда турли жабҳаларда фолият олиб бормоқда.  Бешафқат ўлим меҳрибон устозни 2020 йил 23 сентябр куни орамиздан олиб кетди. Абдусамат Жавманович оилада меҳрибон ота, 10 нафар набиранинг суюкли бобоси эди. Устоз ҳаёт бўлганларида 21 январ куни 67 ёшга тўларди. Ўзининг меҳнатсеварлиги, билимдонлиги ва тиришқоқлиги билан жамоа орасида юксак ҳурмат қозонган жонкуяр, ёшларнинг меҳрибон устози Чалабаев Абдусамат Жавмановичнинг охиратлари обод бўлишини оллоҳдан сўраймиз.

Самарқанд ветеринария медицинаси институти

Таянч докторанти Хушназаров Алишер Худойберди ўғли.