Xabar-E'lonlar

image description

Абдулла Қодирий ижоди – буюк мерос

Абдулла Қодирий...

Адибнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш, ижодий меросидан, хусусан, “Ўткан кунлар” романидан баҳраманд бўлиш – бу доимо давом этадиган, авлодлар наздида янгиланиб турадиган соғинчли, айни дамда, ўтмишга айланмайдиган қадриятлар сирасига кириб улгурди.

Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллиги айни кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кенг нишонланмоқда. 

Гарчанд адиб оригинал асарлар ёзиб, ўз халқининг маънавияти хазинасини бебаҳо дурдоналар билан бойитишга муттасил интилган бўлса-да, мустабид тузум малайлари уни душманликда айблаб, халқ душмани сифатида қатл этишга эришгандилар... 125 йил ўтибдики, тарих бу қора кунларни унутмайди, миллат бу кўргуликлардан номус қилади. 

Самарқанд Ветеринария медицинаси институтида ташкил этилган адабий-бадиий кечада буюк адибнинг бебаҳо мероси, у яратган асарлар яна бир бор эътироф этилди.

Абдулла Қодирий халқ учун илм-маърифат ҳаводек зарур бўлган, юрт тепасида жоҳил шахслар эгалик қилаётган бир замонда яшаб ўтганлиги, яратган қаҳрамонлари орқали халқни ўтган кунлардан сабоқ олишга, ўз орамиздаги меҳробдан чиқаётган чаёнлардан эҳтиёт бўлишга чақиргани Талабалар саҳнасида ажиб кўриниш касб этди. 

Ижро этилган миллий қўшиқ ва рақслар, шеърлар залга бошқача шукуҳ бағишлади.  

 Миллатнинг ҳар бир хонадонига Отабек, Кумуш, Анвар, Раънолар қиёфасида кириб борган, улар тақдири орқали халқни ўйлатган, йиғлатган Қодирий руҳи институт саҳнасига ҳам ярашиб кетди.

Тадбир ташкилотчиси, Ўзбек тили, адабиёти ва ҳорижий тиллар кафедраси мудири Диёра Юнусова шундай дейди: 

“-Қодирий ижоди гўёки бир туганмас ҳазина. Уни ўрганиш, татбиқ қилиш учун узоқ йиллар керакдир, балки. Буюк адибнинг ижодий мероси ҳақида, афсуски, ҳорижий китобхонлар етарлича хабар топмаган. Ўзбек романчилиги асосчисининг бор-йўғи иккита катта асарлари - “Ўткан кунлар” ва “Меҳробдан чаён” романлари инглиз тилига таржима қилинган. ( “Меҳробдан чаён” яқинда Илҳом Тўхтасинов томонидан инглиз тилига таржима қилинди)

Келгусидаги режаларимизга айнан адиб қаламига мансуб асарларни таржима қилишни ҳам киритишимиз лозим. “

Дарҳақиқат, бу жуда яхши режа. Қодирий ижодидан дунё халқлари ҳам баҳраманд бўлиши лозим. Зеро, буюк адиб шунга лойиқ.

Унинг ижоди дунё тан олган адиблар Толстой, Драйзер, Достаевский, Жек Лондон, Хемингуей, Чингиз Айтматов ва бошқа буюклардан сира қолишмайди. 

Тадбир якунида унинг ташкилотчилари институт маъмуриятининг Фаҳрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан таҳдирландилар.

Гулчеҳра Бердиёрова  

 
 

 

Foydali saytlar

Veterinariya sohasining rivojlanishiga o'z hissalarini qo'shib kelayotgan hamkorlarimiz