E'lonlar

ФАРОВОНЛИК МАНБАИ РИВОЖИ ОЛИМЛАРГА КАТТА МАСЪУЛИЯТ ЮКЛАЙДИ

ФАРОВОНЛИК МАНБАИ РИВОЖИ ОЛИМЛАРГА КАТТА МАСЪУЛИЯТ ЮКЛАЙДИ

ФАРОВОНЛИК МАНБАИ РИВОЖИ ОЛИМЛАРГА КАТТА МАСЪУЛИЯТ ЮКЛАЙДИ

Одатда, бизда чорвачилик дейилганда, асосан, йирик шоҳли қорамоллар тушунилади. Қишлоқ хўжалик соҳасининг йириқ тармоғи бўлган чорвачиликнинг турлари жуда кўп. Бизнинг иқлим шароитимиз ва табиий ресурсларимиз унинг барча турлари – паррандачилик, йилқичилик, балиқчилик, асаларичилик ва ҳоказо барча - барчасини бирдек ривожлантириш имконини беради. Ҳалқимиз дастурхони тўкис бўлиши учун бу соҳалар тизимли равишда бир - бири билан чамбарчас боғлиқ ҳолда ривожланиши керак, албатта. 
Кейинги 4 - 5 йил давомида мамлакатимизда чорвачилик соҳасида ўзига хос ютуқлар қўлга киритилди. Шу билан биргаликда камчилик ва муаммоларимиз ҳам тобора кўпроқ кўзга ташланмоқда. Ютуқларимиз асосан, нималардан иборат бўлди? 
Паррандачилик соҳасида бундан 4 йил муқаддам вазият жуда танг аҳволда эди. Уларнинг парвариши, озуқа рациони борасида аниқ бир билимлар йўқлиги боис, ҳатто аҳоли эҳтиёжи учун зарур бўлган парранда гўшти ва туҳум маҳсулотларини ҳам валюта эвазига четдан келтиришга мажбур эдик. (Хитой ва бошқа мамлакатлардан олиб келинган, дея, таҳмин қилинган сунъий тухумлар ва парранда гўшти ҳақида маълумотларни эсланг) Зудликда амалга оширилган чора – тадбирлар натижасида (бунда илм фан кўмагида, деб айтиш мумкин, тадқиқотлар натижаси ўлароқ) вазият яхши томонга ўзгарди. 
Озиқ – овқат ҳавфсизлигини барқарор таъминлашда паррандачиликни ривожлантириш катта аҳамиятга эгалиги ўз тажрибамиз мисолида исботланди, деб бемалол айтишимиз мумкин. Чорвачиликнинг тез етилувчан соҳасидан бири бўлган паррандачилик аҳолини парҳез гўшт ва тухум маҳсулотлари билан таъминлайди. 
Бугун биз халқимиз эҳтиёжидан ортган парранда маҳсулотларини аниқроғи, ўтган йилдан бошлаб  бир неча ҳорижий мамлакатларга экспорт қилишни бошладик. Бу қисқа муддатда амалга оширилган иш! Жараён шу тарзда давом этадиган бўлса, Ўзбекистон парранда маҳсулотларини дунёга экспорт қиладиган етакчи мамлакатлардан бирига айланиши, шубҳасиз. Айни кунда уларни сақлаш, парвариш қилиш ва озиқлантириш технологияси борасида олимларимиз, амалиётчиларимиз томонидан амалга оширилаётган тадқиқот ишлари, изланишлар ана шундай улкан натижаларни қўлга киритишга имкон беради.  Сифатли, парҳезбоп парранда гўшти ва тухумга бўлган талаб ҳеч қачон сусаймайди, аксинча эҳтиёж аҳоли сонининг ортиши баробарида янада ошиб бораверади. Бу омиллар эса, бевосита шу соҳа билан шуғулланиувчи олимлар, тадқиқотчилар, амалиётчилар зиммасига янада катта масъулият ва вазифалар юклайди. 
Статистик маълумотларга кўра, яқин йиллар ичида мамлакатимиздаги мавжуд йирик шоҳли қорамолларнинг 97 фоизи аҳоли хонадонларида сақланган, 3 фоизгина хўжаликларда бўлган. Кейинги 2 йил ичидаги саъй – ҳаракатлар натижасида бугун ўша 3 фоиз 8 фоизга айлантирилган. Лекин барибир 92 фоиз йирик шоҳли қорамоллар ҳали ҳам аҳоли хонадонларида боқиляпти.  
Бу ҳисоб - китоблар, яъни қорамолларнинг асосий қисми аҳоли қўлида бўлиши уларни сақлаш, парвариш қилиш, озиқлантириш, касалликларини олдини олиш, касаллик пайдо бўлганида эмлаш тадбирларини олиб боришда, табиийки ўзига хос қийинчилик ва мушкулликларни юзага келтиради ва айни кунда жараён шундай давом этмоқда. 
Яқин йиллар орасида мана шу 8 фоизни 30 фоизга кўтаришга ҳаракат қилишимиз керак. Агар йирик чорвачилик хўжаликларида мамлакатимиздаги мавжуд 30 фоиз чорвани сақлашга эриша олсак, бу  қорамолларнинг 3 дан бир қисмини ташкил этади ( 4 млн. бош атрофида қорамоллар дегани.) Бу натижа билан  биз халқимизнинг гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи, талабини тўлиқ таъминлай оламиз ва эҳтиёждан ортганини қўшни мамлакатларга ҳам экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади.
Айни кунда мутасадди ташкилотлар томонидан ана шу тадбирларни жадаллаштириш устида иш олиб борилиши лозим. Ҳайвонларнинг йирик фермаларини ташкил этишни тезлаштиришимиз керак. 
Бу иш қандай реализация қилинади?  
Яъни, ғояни қандай амалга оширамиз? 
Булар учун нима қилиш керак?
Биринчидан, республикамизнинг ҳар бир туманида, ҳеч қурса, 3 минг бошдан ортиқроқ қорамоллари бўлган ихтисослаштирилган йирик хўжаликлар фаолияти йўлга қўйилиши керак. Хўжаликдаги қоромоллар умумий сони 3 минг бошдан 10 минг бошгача бўлиши мумкин. Бунда ҳар бир туманнинг ер майдони, лалми ва суғориладиган ерлари – имкониятлари даражаси албатта, ҳисобга олинади. Бу хўжаликларда чорва моллари наслини яхшилаш ҳисобига маҳсулдорлигини ошириш, озуқа базасини шакллантириш, сервис хизматлари кўрсатилишини янада такомиллаштириш, шунингдек, ишлаб чиқарилган маҳсулотларни қайта ишлаш ва тизимли равишда аҳолига етказиб бериш имкониятларини пайдо бўлади. 
Эътибор бериладиган бўлса, сўнгги йилларда барча суғориладиган ерлар қишлоқ хўжалик экинлари учун ажратилиб, фақат лалми ерлардан чорва учун фойдаланиб келинмоқда. Табиат инжиқликлари ҳисобга олинса, иқлим ўзгариши, баҳорда ёғингарчиликнинг меъёрдан кам бўлиши, ёз ойларида ҳароратнинг кўтарилиши, яъни глобал исиш натижасида бир марта экин ўсиб чиққан ер - майдонлари кейинчалик қовжираб қолади ёки кейинчалик бу мавсумда ердан бошқа гиёҳ униб чиқмайди. Бунинг натижасида эса, чорвани ем – ҳашак билан таъминлаш тобора йилдан йилга мушкуллашиб бормоқда. Мамлакатимизда бу йил ҳам вазият аслида танг аҳволда. Ўзимиздаги заҳира билан чорвани қиш мавсумидан олиб чиқолмаслигимиз мумкин. Бу эса , ўз – ўзидан мавсумда гўшт ва сут маҳсулотларининг таннарҳига ўз таъсирини кўрсатади. 
Куз фаслининг биринчи ойи ҳам ниҳоясига етди. Иқлим инжикликлари ва қолаверса, фақат лалми ерлар ҳисобига чорва учун қиш фаслига етарли миқдорда ем – ҳашак заҳирасига эга эмаслигимиз соҳа мутасаддиларини ташвишлантирадиган ҳолат. Бу вазиятда қўшни Россия ва Қозоғистондан ем – ҳашак сотиб олишимиз мумкин. Бу мамлакатларда жорий йилда ҳосилдорлик анча яхши бўлган. Ўйлаймизки, хукуматимиз ва мутасадди ташкилотлар томонидан бунинг учун зарурий чора – тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.
Чорвачиликнинг ривожига тўсиқ бўладиган асосий омиллар деб ҳисобланадиган - четдан валютага олиб келинаётган наслли қорамолларни иқлимга мослашолмаслиги ва касалликларга тез чалиниши, кутилган самарадорликка эришолмаслик эмас, аксинча бугун биз учун энг катта муаммо – чорва учун қулай ер майдонларининг етишмаслигидадир. Иқтисодчилар ҳисоб - китобларига кўра, 40 фоиз ерлар чорвачиликка ажратилиб берилган бўлса, улар асосан, суғорилмайдиган лалми ерлар ҳисобига тўғри келади. 60 фоиз асосий ерлар қишлоқ хўжалик экинлари учун ажратилган. 
Чорвачиликдаги энг муҳим масала эса, бу - мустаҳкам озуқа базасини яратишдир. Яъни, унинг ривожи ва чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни жадаллаштиришдаги муаммолар озуқа базасини мустаҳкамлаш ва қорамолларни талаб даражасида тўйимли озуқалар билан таъминлашга бевосита ва билвосита боғлиқдир. 
Иккинчидан, чорва учун асосий суғориладиган майдонлардан ҳеч бўлмаганда 15 фоиз  ерлар ажратилса, дейлик, ғалла ва пахтадан кейин алмашинув сифатида ем - ҳашак экинларини экиш имконияти берилса, (бунда ернинг кучини сақлаб турадиган экинлар танлаб олинади) ўзимизда ем - ҳашак заҳирасини шакллантириб олишга катта имкон ҳам пайдо бўлади.
Ёки, ер майдонларимиздан фойдаланганда, алмашлаб экиш техникасини самаралироқ ташкил этиш лозимдир. Мисол учун 40 фоиз ерлар ғалла, 40 фоиз ерлар пахта, 20 фоиз ерлар чорва учун ажратилиб, ерни кучсизлантирмаслик мақсадида бир неча йилда уларнинг ўрни алмаштириб турилар. Бу алмашинув бироз мураккаб, аммо амалга ошириш мумкин. Бу билан биз еримизни асраймиз ва бир томондан ундан самарали фойдаланамиз.  
Учинчидан, аҳоли хонадонларидаги молларни боқиш учун ҳам ер майдонлари танқис. Молини боқиш учун одамлар қаерга борсин? Молни бир жойга боғлаб қўйиб, боқадиган ернинг ўзи йўқ, ем –ҳашак эса қиммат. Халқнинг қўлидаги, ҳам хўжаликлардаги қорамоллар боқиладиган ер майдонлари бўлиши албатта, керак.
Чорвачиликни ривожлантиришни мақсад қилган эканмиз, ерлар масаласини чуқур ўйлаб кўришимиз лозим. Ҳозирда хўжаликдаги ерлардан эскича усулда фойдаланиб келяпмиз. Ернинг таркибини ўрганиб, унинг самарадорлигини ошириш борасида янги тадқиқотлар олиб борилиши тақозо этилади. Ернинг самадорлиги мамлакат иқтисодиётида катта аҳамият касб этади. Чорвачиликка ажратилган суғориладиган ерлардан 2 ё 3 марта ҳосил олиш имконияти яратилганда ҳам,  бунда ернинг кучи сақлаб қолиниши керак. Мисол, пахта экилганда, ерда нитратлар камайиб кетади, яъни ғўза ердаги нитратларни сўриб олади, иккинчи экин экилганда ( мисол учун, ем-ҳашак) ер шу модда билан бойитилиши керак. Бу жараёнда албатта агрономия ва чорвачилик соҳасидаги олимлар ва тадқиқотчиларнинг илмий ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади. 
2017 йилларда Темирязев Академиясида (Москва) ишлаб юрган пайтимизда Хитойдан делегация келганди. Уларнинг мақсади, Академия билан ҳамкорликда ўқув ва илмий ишларни олиб бориш эди. Ўшанда Тупроқшунослик (агрохимия) билан шуғулланувчи олимларни Хитойга бориб ишлашни таклиф қилишди Уларнинг сўзларига кўра, Хитой ерлари минерализацияга учраган, яъни ердаги органик моддалар ундаги ўсимликларнинг ўсишини таъминлаб бера олмай қолган, яъни ер яроқсиз аҳволга келиб қолган. 
Маълумки, ерни ўз ҳолига келтириш учун узоқ йиллар талаб этилади. Ана шу ҳавф нуқтаи назаридан биз ердан оптимал ҳолда фойдаланиб, унинг яроқлилигини сақлаб қолишга интилишимиз, илм ёрдамида “ернинг кучи”ни ўзида қолишига эришишимиз лозим бўлади. Бу фан олдида, олимлар олдида турган муҳим масала. Чорвадор олимлар агроном олимлар билан ҳамкорликда ишлаб, уларнинг хулосалари асосида иш олиб борилса, натижа самаралироқ бўлади. Бу биргина ем-ҳашакни тайёрлаш муаммоси эди. 
Иккинчиси - эпизотик барқарорликни сақлаб қолиш муаммоси. Ҳайвонлардаги касалликларни даволаш муҳим жараён, лекин унинг олдини олиш, яъни профилактикаси янада муҳимроқдир. Ветеринария хизматини такомиллаштириш ва янада ривожлантириш учун яқин қўшни мамлакатлар билан кўпроқ ҳамкорликда, биргаликда иш олиб бориш зарур. Бирор ҳудудда касаллик тарқаганда, у сув ва ҳаво орқали теварак – атрофга жуда тез тарқалади. Буни олдини олишнинг имкони йўқ. Уни тўҳтатиб бўлмайди. Демак, профилактик ишлар биргаликда, ҳамкорликда ташкил этилиши ва олиб борилиши самаралироқ. 
Самарқанд ветеринария медицинаси институти дунёнинг илғор мамлакатлари ОТМлари билан ҳамкорлик қилади. Европа, Америка, Россия ва Ҳамдўстлик мамлакатларининг энг илғор тажрибаларини ўрганган ҳолда ўзимизга мос ўқитиш услубини ярата олдик. Мутахассисларимиз замонавий билимларга эга, рақобатбардош кадрлар бўлиб етиши учун барча имкониятлардан самарали фойдаланяпмиз. Талабаларимиз ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда, таълимни амалиёт билан биргаликда олиб боради. Ҳорижий мамлакатлар билан 3 та қўшма факультетлар ташкил этганмиз. 2+2, 2+3 дастурлари асосида талабаларимиз иккита қўш дипломга эга бўладилар. Шунга яраша уларнинг билими ва малакаси ҳам замонавий талабларга жавоб бера оладиган даражада бўлишига интиляпмиз. Бунинг учун имкониятларимиз етарли. 
Россияда чоп этиладиган  “Ветеринария ва чорвачилик” журналида яқинда шундай маълумот эълон қилинди. Хабарингиз бор, айни кунда Россия Федерациясида 70 дан ортиқ Олий ўқув юртларида ветеринария ва чорвачиликка ихтисослашган мутахассислар тайёрланади. Мазкур мақолада, кейинги йилларда улар тайёрлаётган мутахассислар, битириб диплом олгандан сўнг, ишлаб чиқаришда 1 йилдан 3 йилгача муддатда ишлагандан сўнггина ветеринария мутахассиси сифатида ишлай олиш малакасига эга бўлиши ҳақида қизиқарли маълумотлар айтилганди.
Бу билан нима демоқчимиз? Россияда бу соҳада нуфузли ОТМлар бор, мисол учун Скрябин Академияси, Санк - Петербург Давлат Университети, Темирязев Академияси ва ҳоказо. Мақоладаги маълумотлардан шуни англаш мумкинки, охирги йилларда олий таълим муассасалари билан ишлаб чиқариш ўртасидаги алоқалар анча сусайиб қолган. Бу соҳада амалиёт таълим билан узлуксиз ҳолда олиб борилганда ижобий самара беради. Талабалар ўзлари ўрганаётган объектни фақат тасаввур этиб қолмасдан, уни ўз кўзлари билан кўриши, уни устида тажрибалар ва тадқиқотлар олиб бориши, уни қайд этиб боришлари муҳим. 
Бошланғич курсларданоқ ҳафтанинг маълум кунлари амалиёт учун ажратилса, профессор - ўқитувчилар томонидан берилаётган назарий билимлар амалиёт билан мустаҳкамланиб борилса, биз ана шунда рақобатбардош кадрлар тайёрлашга имконимиз ортади. Ёшларимизнинг ўз танлаган соҳаси доирасида замонавий билимларни эгаллаганлиги – компьютер саводхонлиги, дастурлашни амалга ошира олиши, ҳорижий тилларни билиши, зукколиги – институт таълими даврида биз шогирдларимизга, талаба - ёшларга ана шу кўникмалар асосида таълим ва тарбия беришни мақсад қилганмиз. 
Хукуматимиз, қолаверса, Президентимиз биздан – Самарқанд Ветеринария медицинаси институтидан ҳамиша катта натижалар ва улуғ мақсадларни кутади. Зеро, олийгоҳга асос солинган 2018 йилда бу режа – ветеринария мутахассислари тайёрлайдиган ягона олий таълим муассасаси ташкил этилаётган пайтда у минтақадаги етакчи ва нуфузли олий ўқув юртларидан бири бўлиши режалаштирилган эди. 
Биз барча имкониятларимизни ана шу мақсад йўлида амалга оширишга интиламиз. 
Шунингдек, Ўзбекистонда Ветеринария мутахассислари тайрлайдиган рақобатчи ОТМни ташкил қилиш ҳақидаги фикрларга ўз муносабатимизни билдиришни жоиз, деб ўйлаймиз. Бу келгусида амалга ошириш мумкин бўлган режа. Аммо, бунга бироз вақт – бир неча йиллар лозим бўлади. Чунки ана шу мутахассисларни аввало тайёрлаб, ўқитиб – тажриба ва малакасини ошириб олишимиз лозимдир. 
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, азал - азалдандан, чорвачилик фаровонлик манбаи сифатида тан олинган. Тараққиётнинг барча босқичларида бу ҳақиқат ўзгармайди. Дастурхонимиз тўкин, турмушимиз фаровон бўлиши учун ҳам бу соҳани ривожлантиришимиз жоиз. Шу боисдан давлатимиз раҳбарияти, шаҳсан Президентимиз томонидан чорвачиликни ривожлантириш, чорва моллари бош сонини кўпайтириш ва уларнинг маҳсулдорлигини ошириш орқали соҳада самарадорликка эришишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу борада олимларимиз зиммасига тушадиган вазифа ва масъулият ҳам анча залворли.
Демак, илм – фан ютуқлари халқимиз фаровонлигига хизмат қилади.

Худайназар Юнусов
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган чорвадор
Биология фанлари доктори, профессор
СамВМИ ректори