E'lonlar

Олий маълумот олишни истаган ҳар бир ўғил қиз албатта ўқиши керак

Олий маълумот олишни истаган ҳар бир ўғил қиз албатта ўқиши керак

Олий маълумот олишни истаган ҳар бир ўғил қиз албатта ўқиши керак

Юксак тараққий этган мамлакатлар ривожланиш йўлига назар соладиган бўлсак, жамият бошқарувида  таълимни ислоҳ қилиш ва кадрлар салоҳиятига жиддий эътибор қаратилганига гувоҳ бўламиз. Таълимни ривожлантирмай туриб, тараққиётга эришиб бўлмаслиги бугун кўпчилик ҳавас қиладиган, дунё тан олган мамлакатлар, жумладан, Япония, Сингапур каби кичик, имкониятлари анча  чекланган давлатлар мисолида яна бир бор исботланди. Улар  қисқа давр мобайнида таълимни жамиятнинг “ўқ томири”га айлантириб, барча куч ва имкониятларини соҳа ривожига йўналтириб, дунё цивилизациясида муносиб ўрин эгалладилар.
Таълим-тарбия, қолаверса ватанпарварлик ана шундай катта куч. Бугунги мураккаб,  шиддатли ва глобаллашган замонда эса, унинг  сийрати ўзгармаган бўлса-да талаблар моҳиятан ўзгарди. 
Бозор иқтисодиёти муносабатлари шароитида рақобатбардош етук мутахассис кадрларни тайёрлаш бугуннинг қатъий талабига айланди. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда бу борада уринишлар ва ҳаракатлар бўлганини тан олиш лозим. Ўзини оқлаган ва ижобий самара берган усуллар ҳам талайгина. Аммо бугун замон ўзгарди. Талаблар ва таклифлар, шунингдек, эҳтиёжлар ҳам ўта глобаллашган, кучли рақобат муҳити юзага келган. Олий таълим тизимидан ана шу рақобат муҳитига  жавоб бера оладиган мутахассис кадрларни тайёрлаш талаб этилмоқда.
Амалга ошираётган ишларимизни бироз таҳлил қилиб кўрамиз.
Республикамизда 2019 йилнинг октябрида Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси қабул қилинди. Интеллектуал тараққиётни жадаллаштириш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантириш сингари вазифалар мазкур ҳужжатга асос қилиб олинди. Концепция республикамиз олий таълим тизимини ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини ўзида акс эттиради. Унда олий ўқув юртларида қамров даражасини кенгайтириш ҳамда таълим сифатини ошириш, рақамли технологиялар ва таълим платформаларини жорий этиш, ёшларни илмий фаолиятга жалб қилиш, инновацион тузилмаларни шакллантириш, илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш, халқаро эътирофга эришиш ҳамда бошқа кўплаб аниқ йўналишлар белгилаб берилган. Булар таълим жараёнини янги сифат босқичига кўтариш учун хизмат қилади.
Сўнгги йилларда битирувчи ёшларни олий таълим муассасаларига кенгроқ жалб қилиш мақсадида қабул квоталари сони сезиларли даражада оширилди, табақалаштирилган тўлов – контракт асосида қўшимча ўринлар ажратилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 2020 йил  4 февралдаги  12–сон баёни билан қўшни давлатлар (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон)даги олий ўқув юртларида таълим олаётган ёшларнинг ўқишини кўчиришга рухсат берилди.
Шунча имкониятларга қарамасдан ўқишни давом эттириб, олий таълим олишни истайдиган ёшлар ҳар доим ҳам мақсадларига эришавермайдилар. Олий таълим муассасаларининг умумтаълим мактаблари билан ҳамкорликларини кучайтириш юзасидан белгиланган ишларимизни давом эттириш,  иқтидорли ва қобилиятни ёшларни мактаб давридан саралаб олиш лозим. 
Олий маълумот олишни истаган ҳар бир ўғил-қиз албатта, олий таълим муассасаларига қабул қилиниши керак ва биз масъуллар уларга ана шундай шароитни яратишимиз лозим. 
Таълим жараёни олдига қўйилган бугунги кун талаби пухта назарий билимга эга бўлган мутахассислар билан бирга, амалий фаолият лаёқатига эга бўлган кадрларни ҳам тайёрлашдан иборатдир. Назарий билимларнинг ўзи бугун  талабага камлик қилади. Олий маълумоти тўғрисида дипломи бор бўлса-да, “қўлидан иш келмайдиган”, амалиётда ўзини синаб кўрмаган мутахассисга ҳеч ким иш бермайди ёки ундан тезда воз кечади. Яна ҳам аниқроқ тасаввур қилиш учун мисол келтирамиз – талаба ўзи ўрганаётган объектни ўз кўзи билан кўрмаса, тажрибалар ўтказмаса, жараёнларни кузатиб бормаса, ундан яхши мутахассис чиқиши даргумон. 
Самарқанд ветеринария медицинаси  институти ташкил этилганига бор-йўғи 3 йил бўлди. Замонавий лаборатория - Виварий (Ҳайвонлар клиникаси)  қуриш лойиҳаси ҳамиша режамизда бўлган ва у амалга оширилди. Институт ҳудудидан мос ҳудуд танлаб олиниб, ҳукумат, қолаверса, Ветеринария ва чорвачиликликни ривожлантириш давлат қўмитаси кўмагида ушбу махсус иншоот қурилиши  якунига етказилди. Виварий  янги ўқув йилидан ишга туширилмоқда. Бу эътироф этишга арзийдиган иш бўлди, дейиш мумкин. 
Албатта, талабаларимиз учун ўқув тажриба хўжалиги ҳам мавжуд, шунингдек, малака амалиётини ўташ учун хўжаликлар ва ташкилотлар билан шартномалар ҳам имзоланган.  Лекин ҳайвонлар клиникаси ишга тушса,  талабалар учун машғулотлар янада қизиқарли ва жонли бўлишига шубҳа йўқ. 
Илмий фаолиятни катта ақлий ва жисмоний меҳнат, дея таърифлаш мумкин. Ўтган давр мобайнида, яқин ўтмишимизда айрим шундай авлод, илм намояндалари шаклландики, улар илмий ишларини, тадқиқотларни, ишланмаларни кутубхоналарда ўтириб бажарадиган бўлишди. Амалиёт бўлмаса, ўзи ўрганаётган объектни кўрмаса, билмаса бу илм эмас, тадқиқот ҳам эмас. Шунингдек, баъзи жараёнлар бўладики, ўз вақтида бу ишларни бизнинг лабораторияларимизда амалга оширишнинг имкони бўлмасди (керакли жиҳозларнинг ўзи йўқ, ёки борлари ҳам эски, ишга яроқсиз). Ана шундай шароитларда ҳам илмга талабгорлар топилган, ҳалққа ва жамиятга фойдаси тегадиган илмий ишлар ҳимоя қилинган. 
Тараққиёт натижасида  кечаги билим ва кўникмалар бугунги кун талабларига жавоб бермай қолиши мумкинлиги ҳеч кимга сир эмас.  Кўникмалар янги билимлар эвазига такомиллашиб бораверади. Бунинг учун  олий таълим муассасаларидаги  ўқув ва илмий  лабораторияларни замонавий талаблар асосида қайта жиҳозлаш, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини мунтазам  ошириб бориш, ўқитишнинг янги замонавий, тан олинган ва инновацион усулларини жорий қилиш тақозо этилади. 
Айни кунда Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг янги Бош биносида 9 та янги, замонавий ва энг сўнгги русумдаги асбоб–ускуналар, жиҳозлар билан таъминланган лабораториялар фаолият кўрсатмоқда. Бу ерда талабалар ва профессор–ўқитувчилар ўқув машғулотларини ўтайдилар, шунингдек, илмий фаолиятни давом эттиришни истаганлар учун бу лабораториялар чексиз имкониятларни тақдим этади. Бугун жамият ҳаётида ўзгаришлар, янгиланишлар шиддат биан рўй бермоқда.  Бу жараёнда эртанги кунимиз эгалари бўлмиш ёшлар бу ўзгаришлар моҳияти ва мақсадини тўғри англашлари, хулоса ва таҳлил қилишлари, лозим бўлганида кейинги жараёнларни прогноз қила олиш  қобилиятига эга бўлишлари жуда муҳим. 
Ветеринария ва биотехнология соҳалари айни кунда ўта замонавий, тренддаги касблар  ва энг юқори ҳақ тўланадиган соҳалар сирасига киради. Бизда кимё, биология, физика, математика фанлари ўқитилади, мазкур табиий фанлар асосида ва унинг турли тармоқлари  бўйича  кенг миқёсда  илмий  тадқиқотлар олиб борилади. 
Интилувчан ёшлар ўз лойиҳаларини амалга оширишлари учун  хукуматдан ташқари яна хорижий грант дастурларидан ҳам фойдаланишлари мумкин.  Институт профессор-ўқитувчилари  амалий, инновацион, стартап,  ва фундаментал лойиҳаларда иштирок этишмоқда. Жумладан, жорий 2021 йилда Республика Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этилган 40 тадан ортиқ лойиҳаларимиз орасидан, умумий қиймати 10 млрд. сўм атрофидаги 5 та лойиҳаимиз  молиялаштирилмоқда. Бу дегани, илмий тадқиқот ишларимизни давлат молиявий кўмаги асосида амалга оширамиз. Бу биргина хукумат кўмагида амалга оширилаётган ишлар. Хорижий грант лойиҳаларимиз ҳам бор,   албатта. Жумладан, аграр соҳани ўрганишда назарий таълимдан амалиётга йўналтирилган таълимга ўтишни назарда тутадиган TOPAS лойиҳасида (умумий қиймати 91 минг евро) ҳамда Ўзбекистонда ветеринария тармоғининг таркибий таълими бўйича (умумий қиймати 168 минг доллардан ортиқ)  BUZNET лойиҳаларида иштирок этишмоқда.
Бу мисолларни нега келтирдик? Демак, бугун илмий иш қилиш учун шарт-шароитлар етарли. Ҳукуматдан ёрдам олиш мумкин, халқаро хорижий грант дастурларида иштирок этиш мумкин.  Ёшлар учун ҳеч қандай монелик йўқ. Ҳаммаси ўзларининг саъй–ҳаракатлари ва интилишларига боғлиқ. Юқорида таъкидлаганимиздек, айни кунда озиқ-овқат хавфсизлиги ва биотехнология соҳаси энг долзарб, глобал соҳалар бўлиб, ушбу йўналиш бўйича СамВМИ ёш олимлари, талабалар, магистрлар ва докторантлар турли  илмий тадқиқот ишларини олиб боришмоқда.
Самарқанд ветеринария медицинаси институтида бир яхши анъанани ҳам шакллантирдик. Талабалар, магистрлар, докторантлар томонидан олиб борилаётган тадқиқот ишлари бўйича семинар-тренинглар ташкил қилина бошланди. Семинар тренингларни катта олимлар, профессорлар ва шу соҳада маълум нуфузга эга мутахассислар эмас, эндигина илм оламига кириб келаётган талаба-ёшлар, бўлғуси олимлар ўтказа бошлади. Асаларичилик, қуёнчилик, балиқчилик ва чорвачиликнинг турли соҳаларида  ёшлар ўзлари ўрганаётган турли юқумли ва юқумсиз касалликларни маҳаллий шароитларда ўрганадилар, тадқиқот натижаларини оммага намойиш қиладилар ва   бу жараён уларнинг келгусидаги тадқотлари учун ҳам жуда фойдали бўлиши мумкин. 
Бугун олийгоҳларнинг бакалавриат босқичини  битираётган ёшларнинг 10 ёки 20 фоизигина магистратурада ўқишни истайди. Бакалавриатдан кейинги босқичда ким қайси мавзуда илмий тадқиқотлар олиб бориши  маълум бўлиб бораверади. Магистратурани битираётган ёшларнинг ҳам 10 ёки 15 фоизи докторантурада қолишади. Биз ана шу фоизларни кўтаришга интилишимиз керак. Чунки илмга талабгорлар қанча кўп бўлса, улар орасида  илмий тилда айтганда “табиий танланиш” ҳаққоний бўлади. 
Ўқишни давом эттириш учун баъзиларда молиявий имкониятлар етишмайди, баъзиларнинг оилавий шароитлари бўлмайди  ва яна турли монеликлар. Бунинг учун эса, иқтидорли ёшлар аввало саралаб олиниб, уларнинг ўз қизиқишлари бўйича иқтидорларини юзага чиқариш учун шарт-шароит яратиш муҳим аҳамият касб этади. Иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга эътибор тобора ортиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, дунёда ўзининг муносиб ўрнини топиб бораётган мамлакатимиз иқтисодиётини янада ривожлантириш, янги замонавий ишлаб чиқариш тармоқлари фаолиятини йўлга қўйиш, ички ва ташқи бозор учун сифатли ва рақобатбардош озиқ-овқат ва бошқа турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш соҳаларида янада янги имкониятлар ва шарт-шароитларни юзага келтирмоқда.       
Президентимиз таълимни ислоҳ қилиш орқали, учинчи Ренесанс пойдеворига тамал тошини қўйишимизга умид билдирганди. Бу шунчаки, чиройли шиор ёки баландпарвоз гап эмас, балки эзгу мақсад, чуқур ўйланган ва миллатни комилликка, тараққиётга илҳомлантирувчи куч бўлиши керак, деб ҳисоблаймиз.
Олий таълим тизими  камчилик ва муаммолардан ҳоли бўлиши учун,  унда адолат тамойили ўрнатилиши учун мавжуд муаммоларни тан олиб, уларни бартараф этиш йўллари хусусида, дунё тан олган илғор усуллар ва методларни, ҳукуматимиз ва Президентимиз тавсия этаётган ислоҳотларни албатта амалиётга жорий этиш лозим. 
Аслида илмдан бошқа нажот йўқ. Бу йўлда энг катта масъулият, ҳал қилувчи куч албатта, олий таълимдир. Тизимга алоқадор ҳар бир мутахассис, мутасадди ана шу масъулиятни, улуғ мақсадни, халқимизнинг ишончи ва умидини юракдан ҳис қилиши ва миллатимизнинг келажагига даҳлдор шахслигини англаб етиши ва шу ишончга лойиқ бўлиши лозим. Бу ишонч, қолаверса иймон ва эътиқод жуда тез фурсатда ўзининг ижобий самарасини беради. Бу Ватан тараққиёти, халқ фаровонлиги ва кўнгил поклиги, деганидир... 

Худойназар ЮНУСОВ,
Самарқанд ветеринария медицинаси институти ректори,
биология фанлари доктори, профессор,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган чорвадор.

ЎзА