Yangiliklar

“ТАЪЛИМНИНГ УЗЛУКСИЗЛИГИ ТАЪМИНЛАНСА, ПРОФЕССИОНАЛ КАДРЛАР ТАЙЁРЛАНИШИ КАФОЛАТЛАНАДИ” Бу ҳақида СамВМИда бўлиб ўтган ўқув семинарида таъқидланди

“ТАЪЛИМНИНГ УЗЛУКСИЗЛИГИ ТАЪМИНЛАНСА, ПРОФЕССИОНАЛ КАДРЛАР ТАЙЁРЛАНИШИ КАФОЛАТЛАНАДИ” Бу ҳақида СамВМИда бўлиб ўтган ўқув семинарида таъқидланди

Коронавирус пандемияси кишилик жамиятининг барча соҳаларида катта ўзгаришларни содир этмоқда. Йиллар давомида шаклланган қадриятлар, анъаналар,  баъзи қарашлар ўзгарди. Ҳатто якуний тўхтамга келинган айрим масалалар ҳам айни кунда вазият тақозосига кўра, қайтадан кўриб чиқилмоқда. Бугун бир нарса аниқ, барча муаммоларнинг ечими фақат илм-фанда. Инсоният шу кунгача орттирган барча билимларини бир мақсад йўлида бирлаштириши, илм - фан ютуқларидан эзгулик мақсадларида фойдаланиши лозим. Айнан шу масалада эса, кадрлар салоҳияти жуда муҳим ўрин тутади. Бугунги рақобатлашган муҳитда профессионал мутахассис кадрларни етиштириш учун уларга мактаб таълими давридан бошлаб эътибор қаратиш муҳим аҳамият касб этади. 

 

Самарқанд Ветеринария медицинаси институтида Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Самарқанд вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда “Профессионал таълимда мақсадли йўналтириш орқали таълим – тарбия уйғунлигини таъминлаш келажак пойдеворидир” мавзусида ўқув семинари бўлиб ўтди. Семинарда Пастдарғом, Ургут, Жомбой, Булунғур, Нарпай ва Самарқанд туманларидаги умумтаълим мактабларининг мутахассислик фанлари ўқитувчилари ва мактаб директорлари, СамВМИ қошидаги академик лицей, касб –ҳунар коллежи ва техникумларнинг мутасадди раҳбарлари иштирок этишди. 

 

Ўқув семинарини СамВМИ ректори, профессор Ҳудайназар Юнусов очиб берди ва меҳмонларни таништириб, семинарнинг мақсади ҳақида ўз фикр мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Институтда шу мақсадда ташкил этилган Фанлар уюшмаси ва унинг фаолияти ҳақида тўхталиб, илғор замонавий тажрибалар асосида ташкил этилган мазкур уюшманинг вазифаси, фаолият йўналишлари ва ундан кутилаётган ижобий натижалар хусусида тадбир иштирокчиларига гапириб берди.  

Мамлакатимиз миқёсида амалга оширилаётган мазкур йирик лойиҳада, яъни олий таълим муассасаларининг умумтаълим мактаблари билан ҳамкорлигида таълимнинг яна бир ўрта бўғини касб ҳунар таълими, яъни акдемик лицей ва техникумларнинг иштироки ҳам муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиздир. Негаки иқтидорли ёшлар мактабдан академик лицейда, техникумда, сўнгра  олий таълим муассасасида ўз қизиқишлари бўйича таълим – тарбия оладиган бўлишса, самарадорлик янада юқори бўлиши, таълимнинг узлуксизлиги таъминланиши мумкин.  
Бу эса кутилган натижага анча яқинлаштиради. Семинар ишида Институт қошида ташкил этилган Техникумлар фаолиятини самарали йўлга қўйишнинг истиқболлари, уларда мутахассислик фанларини ўқитиш бўйича тавсиялар муҳокама этилди. 
 

Олий таълим муассаларида жорий этилган янги  кредит модул тизими ҳақида тадбир иштирокчиларига маълумот берилди. Шунингдек, 2030 йилгача мамлакатимиздаги барча олий таълим муассасаларининг 85-90 фоизи, жумладан, 2020/2021 ўқув йилининг ўзида 33 та олий ўқув юртини кредит-модуль тизимига ўтказиш кўзда тутилганлиги,  жорий ўқув йилидан бошлаб, мамлакатимиздаги 33 та ОТМ, жумладан Самарқанд Ветеринария медицинаси институтида ҳам бу тизим йўлга қўйилди. 
Кредит-модуль тизими, бу — таълимни ташкил этиш жараёни бўлиб, ўқитишнинг модуль технологиялари ва кредит ўлчовлари асосида баҳолаш мезони ҳисобланади. Кредит-модуль тизими талабаларнинг мустақил ишлашини ва уларнинг билими рейтинг асосида баҳоланишини таъминлайди. Мазкур таълим шакли ёшлардан кўпроқ мустақил шуғулланишни, ўз устида ишлашни талаб этади. Бу кўникма эса уларда ёшликдан, яъни мактаб давридан шакллантирилиши лорзимлиги айтилди ва бунда ўқитувчининг роли катта экани эътироф этилди. 
 

“ - Ўқув семинарлари ташкил қилишдан олдин биз вилоятдаги ўнлаб мактаблар ҳаёти билан яқиндан танишдик, мактаб раҳбарлари, фан ўқитувчилари билан суҳбатлашдик. Тўғри, ҳамма жойда ҳам шарт – шароитни яхши деб бўлмайди. Моддий – техник базаси ўта ночор мактабларни ҳам учратганимиз рост. Аммо, асосийси, ўқитувчиларда ўз фанини ўқитишга, яхшироқ ўқитишга бўлган иштиёқни сезмаслик мумкин эмасди. Уларга бироз методик, услубий кўмак берилса, ўз ҳамкасблари билан кенгроқ миқёсда мулоқот қилишларига, тажриба алмашишларига, малака оширишларига имкон берилса, улар ўқувчиларга яна ҳам яхшироқ билим беришлари мумкин. Биз уларга ана шу имкониятни яратиб бермоқчимиз. Фанлар Уюшмаси шу мақсадда ташкил этилди, - дейди СамВМИ проректори Алибек Гаппаров. 

 Ўқув семинарида Вилоят ҳокимлиги ижтимоий соҳа бўйича котибият мудири С.Илмуродов, Вилоят Ҳалқ таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Ф. Болтаевлар иштирок этишди. С.Илмуродовнинг эътироф этишича, вилоятда, қолаверса республикада биринчилар қатори СамВМИ да ташкил этилган  Фанлар Уюшмаси яқин келажакда ўзининг ижобий самарасини беради. Шунингдек, вилоят Халқ таълими бошқармаси хам бу лойиҳани қўллаб - қувватлашга тайёр.

Семинар иши алоҳида мутахассислик фанлари бўйича шўъбаларга бўлинган ҳолда эртага ҳам давом эттирилади. 

СамВМИ Ахборот хизмати