Yangiliklar

“БИЗ ОИТСГА ҚАРШИМИЗ!” САМВМИда мавзу доирасида онлайн конференция бўлиб ўтди

“БИЗ ОИТСГА ҚАРШИМИЗ!” САМВМИда мавзу доирасида онлайн конференция бўлиб ўтди
Ҳар йили дунё аҳли 1 - декабрь санасини “ОИТС га қарши бутунжаҳон кураш куни” сифатида кенг нишонлайди. Бу хасталикка чалиниш ҳоллари кейинги йилларда дунё миқёсида тез суръатларда ўсиб бориши билан унинг унинг хавфи ҳам ортиб бормоқда. Айниқса ёшлар ва болаларни бу иллатдан асраш инсоният олдида турган глобал муаммолардан биридир.

  Статистик маълумотларга кўра, ушбу касалликни келтириб чиқарувчи омиллардан энг асосийси носоғлом турмуш тарзидир. Самарқанд Ветеринария медицинаси институтида бўлиб ўтган мавзу доирасидаги онлайн видеоконференцияда шу ҳақида фикр –мулоҳазалар юритилди.

 

Тадбир Вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази, вилоят Наркология диспансери билан ҳамкорликда ташкил этилди. 

Унда сўз олган Вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази врач –эпидемиологи М.Бурхонов касалликнинг келиб чиқиш тарихи, Вируснинг тузилиши, ОИВ юқиш эҳтимоли ва унинг юқиш йўллари, ОИВ инфекциясини клиник белгилари ва кечиши, унинг бочқичлари, касалликдан қандай сақланиш мумкинлиги, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган ОИТС га қарши кураш марказлари ва уларнинг фаолияти ҳақида тадбир иштирокчиларига маълумот берди. 

Инсон ўлимига олиб борувчи бу хасталик кўп ҳолларда гиёҳвандлик, носоғлом турмуш-тарзи, гоҳида гигиена қоидаларига амал қилмаслик натижасида юқиш ҳолатлари юз бериши мумкинлиги тушунтириб ўтилди. Мавзу бўйича тайёрланган слайдлар орқали унинг аянчли оқибатлари талабаларга намойиш этилди.

 

Вилоят Наркология диспансери шифокори Н.Негматованинг сўзларига кўра, Бу касалликни юқтириб олганларда организмнинг курашувчанлик хусусияти йўқолади, яъни хасталик аввало иммун тизимини ишдан чиқаради. Организмнинг вируслар билан маҳф этилиши натижасида иммун тизими ўз вазифасини бажара олмайди. Натижада инсон ҳар қандай ташқи таъсирга сезувчан бўлади. Уни юқтириб олган одамда оддий касалликлар ҳам оғир кечади. Организмнинг курашувчанлиги йўқолиши боис ёндош касалликлар ривожланиб бораверади. Шу билан бирга ОИТСда сабабсиз узоқ давом этувчи йўтал, қисқа вақт ичида кескин озиб кетиш, ҳароратнинг сабабсиз кўтарилиши, узоқ вақт ич кетиши, оғиз бўшлиғи ва турли аъзолар яллиғланиши, хавфли ўсмалар ривожланиши каби белгилар намоён бўлиши ҳам айтиб ўтилди.

 

СамВМИ психологи З.Бобоқулов томонидан касалликка чалинган кишиларда қандай руҳий ўзгаришлар содир бўлиши, тушкунликдан қандай холос бўлиш ва касалликка қарши курашиш борасида тавсия ва маслаҳатлар берилди. 

 
 

Тадбирда талабалар ва иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мутахассисларга мурожаат этдилар. 

 

СамВМИ Ахборот хизмати