Yangiliklar

“ҚУЁН ГЎШТИГА ТАЪБИНГИЗ ҚАЛАЙ?”

“ҚУЁН ГЎШТИГА ТАЪБИНГИЗ ҚАЛАЙ?”
Болалик пайтларимизда Нина Петровна исмли ўқитувчи қўшнимиз бўларди. Уларникида бир куни ажойиб таом еганим эсимда. Карам ва токка ўралган дўлма, ёғсиз, ўзига хос бироз ғалати таъмли. Мазасини яхши эслолмайман, лекин менга жуда ёққанди.  “Товуқ гўштидан ҳам “голубец” қилса бўларкан, Сиз ҳам шунақа пишириб беринг”, деб онамга жанжал қилганман. Кейинчалик бу товуқ эмас, қуён гўшти эканлигини билдим. Ўша пайтлар болалар боғчаларида, ҳатто шифохона ошхоналарида ҳам бу парҳезбоп гўштдан таом тайёрланарди.  

Айни кунга келиб эса, бу маҳсулот турига талаб у даражада кучли эмас. Негаки, бизда чорвачиликнинг бу соҳаси ривожланишдан анча ортда қолган, десак ҳам бўлаверади. Европа ва дунёнинг бошқа ривожланган мамлакатларидан фарқли равишда, бизникилар мол гўштини аниқроғи, ёғлиққина қўй гўштини маъқул кўришади.  Яқингинада супермаркетлардан бирида алоҳида қадоқланган қуён гўштига кўзим тушди, килоси, 55 – 60 минг сўмдан, (1,5 килоча бор қадоқда) сотувчиларнинг айтишича, фақат катта супермаркетларга буюртма асосида келтирилар экан. 

Маълумотларга кўра, тўйимлилиги бўйича қуён гўштининг 1 килограмми энг яхши мол гўштининг 1,45 килограммига тенг. Шунингдек, унинг гўшти таркибида холестерин камлиги бўйича қўй, мол ва бошқа жониворларникидан фарқ қилади. Таркибидаги оқсилнинг 90 фоизи инсон организми томонидан тўлиқ ўзлаштирилади. У, шунингдек,минерал тузларга, кальций ва фосфорга бой. Умуман олганда, яхши таъмга эга. Шу каби ижобий фазилатлари туфайли қуён гўшти жигар, меъда, юрак-қон томир тизими касалликлари, қандли диабет, аллергияси бор инсонларга тавсия этилади.

Унинг терисидан ҳам саноатда фойдаланиш мумкинлиги, қуёнлардан табиий ва қимматбаҳо мўйна олиниши ҳам эътиборга молик. Қуён териси чарм-галантерея маҳсулотлари ва пойабзал ишлаб чиқаришда ҳам сифатли хом ашё ҳисобланади. Бир килограмм қуён момиғидан 2000 метр сифатли ип олиш мумкин экан. Қисқача айтганда, бу митти ва момиқ жониворнинг фойдали жиҳатлари кўп. Тармоқни ривожлантириш ва бу турдаги гўшт истеъмолини аҳоли ўртасида тарғиб қилиш ва кўпайтириш айни кунда озиқ – овқат ҳавфсизлиги борасидаги айрим муаммоларимизга ечим бўлса, ажабмас. 

Баҳодир Ибрагимов - Самарқанд Ветеринария медицинаси институти таянч докторанти, айни кунларда шу мавзуда изланишлар олиб бораётган, яна ҳам муҳимроғи республикамизда ушбу соҳада илмий иш қилаётган саноқли ёш, иқтидорли олимлардан биридир. 

“ Мамлакатимизда мазкур тармоқни яхши ривожланган, қуёнчилик саноат даражасига чиққан, дея айтиш мушкул. Бу даромадли юмуш билан шуғулланувчилар ҳам кўпмас. Негаки, бизда қуёнчиликни яхши тушунадиган мутахассислар бармоқ билан санарли.  Ўтган давр мобайнида бу тармоққа эътибор бироз сусайганди ва бугунга келиб, тарғибот ишлари анча жонланди. Қуёнчилик саноатлашган даражага етиши учун кўп ҳаракат қилиниши керак, деб ўйлайман. Мисол учун, вилоятларда, туманларда бугунги кунда қуёнчиликка ихтисослашган кам бўлсада, хўжаликлар ташкил этилган. Чорвачиликнинг бу тармоғида маҳсулот тез етилади ва жуда сердаромад соҳа. Хўжалик эгалари маҳсулотини қаерга сотишини ҳам олдиндан билиши керак. Қуён гўшти учун боқиладими ё териси учунми, шунга қараб, ишлар тизимли ташкил этилиши лозим. Тармоқнинг озуқа базасини шакллантириш ҳам дозарб масала. 

Шу боис, ҳозир юртимизда бу масалаларни ҳал этишга, тармоқни кучайтиришга хукумат даражасида эътибор қаратилаётганини эътироф этиш керак. Қуёнчилик жаҳон иқтисодиёти ва истеъмолида асосий ўринлардан бирини эгаллайди. Мисол учун, Хитойда қуён гўшти кам истеъмол қилинишига қарамасдан, мазкур мамлакат уни етиштириш бўйича дунёда етакчи ўринда туради. Хитой қуёнчилигида мўйнали ва тивитли зотларни парваришлашга алоҳида эътибор қаратилган. Иккинчи ўринни эса Италия эгаллайди. Аҳоли бошига қуён гўшти истеъмол қилиш даражаси (йилига 5,5-6 кг.) ҳам италянларга тегишли. Бу кўрсаткич Франция, Германия ва Венгрияда 2,5-3 килограммни ташкил қилади ва мазкур мамлакатларда 65 фоиз маҳсулот кластер усулида ишлаб чиқарилади.

“Соғлом овқатланишнинг замонавий тенденцияси ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг парҳез гўшт истеъмол қилиш меъёри хусусидаги тавсиясига кўра, инсон йил давомида истеъмол қиладиган гўшт маҳсулотларининг 5 фоизи, яъни 4,5 килограмми қуён гўшти бўлиши керак”, дейилган. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ҳозирги кунда юртимиз бозорида назарий жиҳатдан йилига 150 минг тонна қуён гўштига талаб бор.

Ўзбекистон Республикасининг табиий-иқлим шароити, ишқибоз қуёнчиларнинг тажрибалари ҳамда соҳага оид бўлган ҳорижий маълумотлар, қуёнчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни тўғри ташкиллаштириш, тармоқни ривожлантиришнинг истиқболли ва шубҳасиз самарали эканлигини кўрсатади.

Қуёнларни сақлаш шароити, уларнинг ўсиш ва ривожланиши, соғломлиги, олинадиган маҳсулотларнинг (гўшт, мўйна) миқдори ва сифатига сезиларли даражада таъсир кўрсатиб, пировард натижа хўжаликларнинг рентабеллигида намоён бўлади. Шу сабабли мамлакатимизда тармоқни илмий асосда ривожлантиришнинг илк даврида қуёнларни сақлашнинг оптимал усулини ишлаб чиқиш муҳим илмий ва амалий аҳамият касб этади.

Илмий тадқиқотларимизда аҳоли ва шахсий ёрдамчи хўжаликларда қуёнларни сақлашнинг истиқболли вариантларини ўрганишга эътибор қаратдик. Қуёнлар маҳсулдорлигига кўра гўшт, мўйна-гўшт, тивит ва декоратив зотларига бўлинади.  

Бизнинг мамлакатда асосан гўшт ва мўйна-гўшт йўналишидаги қуён зотлари урчитилиб, улар билан асосан ишқибоз аҳоли ўзларининг шахсий ёрдамчи хўжаликларида шуғулланадилар, 2016 йилдан бошлаб қуёнчиликни саноат асосида урчитувчи агрофирмалар ташкил этила бошланди. Шуни таъкидлаш керакки, қуёнчилик жаҳонда энг тараққий этган Италия ва Франция каби мамлакатларда ҳам ишлаб чиқиладиган қуёнчилик маҳсулотларининг 40 % дан зиёдроғи ишқибоз қуёнбоқорлар ҳисобига тўғри келади. 

Бир она қуёндан йил давомида ўртача 5-6 марта авлод олиш имкони бор. Ҳар бир туғишда зотнинг хусусиятига қараб, ўртача 7-8 бош (баъзан 19 бошгача) авлод олиш мумкин. Бу йил давомида бир она қуёндан 30 бошдан ортиқ қуён болаларини, ёки онасидан ажратилгандан сўнг ўртача 60-70 кг тирик вазн ҳисобида парҳез гўшт етиштириш имконини беради. Шунингдек сўйилган қуёнлардан гўшт билан бир қаторда мўйна маҳсулоти ҳам олинишини унутмаслик керак.

Агар қуёнларнинг асосий қисми аҳоли томорқа хўжаликларида парваришланаётганини ҳисобга олсак, аксарият қуёнбоқарлар қуён терисига уй шароитида ишлов бериш технологиясининг назарий ва амалий жиҳатларидан бехабардирлар. Шунинг учун терига ишлов беришнинг мақбул технологиясини билиш долзарб аҳамиятга эга. 

Тадқиқотларимиз Жиззах вилояти, Ғаллаорол туманидаги “Икром Махмудов” номли кўп тармоқли фермер хўжалигида ўтказилди. Қуёнлар 3 ойлигида гўшт учун сўйилган бўлиб, бунда тери иккиламчи маҳсулот ҳисобланади. Терига махсус технология ёрдамида босқичма-босқич ишлов берилганда, керакли натижани қўлга киритиш, сифатли ва бежирим майин мўйна олиш имкони пайдо бўлади.”

Баҳодир Ибрагимов вилоятдаги бир неча қуёнчилик хўжаликларига илмий тадқиқотлари учун мунтазам бориб туришини, шунингдек, Самарқанд шаҳрида жойлашган ўз хонадонида ҳам тажриба учун ҳам бир нечта қуён боқишини гап орасида сўзлаб ўтди. “Дастурхонимизда баъзан онамнинг қўллари билан тайёрланган (албатта қуён гўштидан) ажойиб таомлар пайдо бўлиб туради. Рафиқам, фарзандларим ҳаммамиз уни севиб истеъмол қиламиз. Онамнинг бу борада махсус рецептлари бор,” дейди қаҳрамонимиз.  

Бир неча йил олдин иш юзасидан Қашқадарё вилоятида яшашга тўғри келганди. Қашқадарёликлар гўшт истеъмоли бўйича, бўридан сўнг, иккинчи ўринда туриши ҳақида латифанамо гаплар ҳам бор. У ернинг бозорларидаги бир ҳолат ҳам эътиборимни тортган.  Бозор расталарида ўнлаб турдаги гўштлар худди супермаркетлардагидек саралаб қўйилган. Истаган турдаги гўштни ҳарид қилишингиз мумкин. Лекин воҳаликлар асосан, қўй гўштини севиб истеъмол қиладилар.  

Ёш олимдан қуён гўштини пиширишнинг бирор бошқача усули бор – йўқлигини ҳам суриштирдим. У ҳам бошқа гўштларга ўхшаб пишириладими ё махсус пишириш усули борми?

 Айтишича, пишириш усули фарқланмайди, аммо ҳар бир таом тайёрланаётганда, албатта унга меҳр ва эътибор бериш лозимлигини унутмаслик керак.

Яна бир гап. Ҳалқ орасида қуён гўшти билан боғлиқ баъзи гап – сўзлар юришидан албатта, ҳабарингиз бўлса керак. “Қуёнлаб” дейишади. Бу энди алоҳида бошқа мавзу. Бу касалликни келтириб чиқарувчи омилларга қуён гўштининг мутлақо алоқаси йўқлиги исботланган. 

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, супермаркетларга кирганингизда, оқишроқ рангли гўштни кўрганингизда, суриштириб кўрингчи, балки қуён гўштидир?  Пишириб, мазасини бир кўринг, ўзингиз амин бўласиз!

Ёғсиз, холестеринсиз гўшт еб туришимиз керак. Бу соғлиққа жуда фойдали, вазн тўпламайсиз, енгил юрасиз ва ҳоказо! 

 

Гулчеҳра Бердиёрова