Yangiliklar

ПРЕЗИДЕНТ ФАРМОНИ МУҲОКАМА ЭТИЛДИ

ПРЕЗИДЕНТ ФАРМОНИ МУҲОКАМА ЭТИЛДИ

Самарқанд Ветеринария медицинаси институтида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳиятига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда институт Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Алибек Гаппаров, Самарқанд шаҳар адлия бўлими катта маслаҳатчиси Ш.Маҳкамов, Зооинженерия факультети Ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари Ш.Тангиров, Ўзбек тили, адабиёти ва хорижий тиллар кафедраси  ўқитувчиси Ф.Давронова, шунингдек, факультетлар деканлари, декан ўринбосарлари, профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этишди. 

Маърифий тадбирни Самарқанд ветеринария медицинаси институти Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор А.Гаппаров очди ва иштирокчиларни муҳокама мавзуси билан қисқача таништирди. Жумладан, Давлат тили ҳисобланган она тилимизнинг ижтимоий ҳаётимиз ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш, таълим ташкилотларида давлат тилини ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, давлат тилининг софлигини сақлаш, уни бойитиб бориш ва унинг илм-фан тили сифатидаги нуфузини ошириш тўғрисида гапириб ўтди. 

 Самарқанд шаҳар адлия бўлими катта маслаҳатчиси Ш.Маҳкамов ўз сўзида Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида давлат тили имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланишга эришиш, давлат тилининг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини ошириш, бу борада хорижий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, мамлакатимизда истиқомат қиладиган барча миллат ва элатлар тилларини ривожлантириш мақсадида кенг ва тенг имкониятлар ҳамда уларга давлат тилини ўрганиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ўзбек тили ва тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналиш ва вазифалари тўғрисида гапириб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20-октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6084-сон Фармонининг мазмун-моҳияти тўғрисида тадбир иштирокчиларига маълумотлар берди.

СамВМИ Ўзбек тили, адабиёти ва хорижий тиллар кафедраси ўқитувчиси Ф.Давронова ўз сўзида қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадриятдир. Ҳар биримиз ўз она тилимизга эътиборли бўлишимиз, уни ардоқлашимиз, келажак авлодга нафосат ва назокатли тилимизни бутун гўзалликлари билан етказишимиз лозим. Бу иш бугунги авлоднинг келажак авлод олдидаги энг муқаддас бурчи эканлиги тўғрисида маъруза қилди.

Зооинженерия факультети Ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари Ш.Тангиров маърузасида Давлат тилини билиш ва уни амалда тўлиқ қўллай олиш, «Давлат тили ҳақида»ги Қонунга риоя қилиш, уни ҳаётга татбиқ этиш, қадрлаш юксак маънавият белгиси эканлиги тўғрисида ўз фикр ва мулоҳазаларини баён қилди. 

 

Тадбир давомида институт талабалари томонидан берилган саволларга Самарқанд шаҳар адлия бўлими катта маслаҳатчиси Ш.Маҳкамов томонидан жавоблар ва маълумотлар берилди.

 

СамВМИ Ахборот хизмати