Xabar-Institut yangiliklari

image description

“ҲАШАР –ЭЛГА ЯРАШАР”

“-Европа мамлакатларида ердан қор кўтарилиши билан одамлар теварак –атрофни тозалашга киришади. Бу уларда ёзилмаган қонун. Яқинда, хабарингиз бор, Латвияда хизмат сафарида бўлдик. 4 кун мобайнида эътиборимни тортган бир нарсани айтсам, ажабланманг! Табиий фанлар ва технологиялар Университети талабалари дарсдан бўш вақтларида тозалик, ободонлаштириш ишлари билан ҳам мунтазам шуғулланишаркан.

Мен ҳатто, нега улар дарсда эмас, тозалаш ишлари учун махсус ходимларингиз йўқми, деб сўрадим. Махсус ходимлар бор, албатта! Аммо улар ўз ҳудудларини ҳудди ўз уйларидек сақлашга ўргатиларкан. Қойил! Улар талаба, илм олиш билан бирга қолган барча ишларни ҳам ўзлари бажаришади. Елгава- дарё соҳилида жойлашган кичик тарихий шаҳар, шу жиҳати билан Самарқандга ўхшаб кетади, сайёҳлар кўп. Аммо ҳар қадамда, инсон қўли билан обод этилган жойга кўзингиз тушади. Йўлаклар тоза, дарахт-буталарга шакл берилган, ҳеч қаерда ахлат, ташлаб кетилган маиший чиқиндиларга кўзингиз тушмайди...” Бу профессор Ҳудойназар Юнусовнинг сўзлари эди. Бизда ҳам аслида шундай. Баҳор келиши билан, Наврўз олди нафақат табиатда, одамлар онги-шуурида ҳам ҳам ажиб бир уйғониш - жонланиш кузатилади. Хонадонлар, ҳовлилар, остона тартибга келтирилади, дарахт ва гул кўчатлари экилади, ишлов берилади, қор ва ёмғирда таъмирталаб бўлиб қолган йўллар, йўлаклар таъмирланади, ариқ-зовурлар тозаланади.Қўйингки, жони бор, қимирлайдиган ҳар бир жонзот ўз ошиёнини обод қилишга киришади. Бу халқимизнинг юз йиллар давомида миллий анъана, қадрият  сифатида урфга кирган гўзал удумлардан биридир. 

Бу тасвирлар кўзингизни қувнатади, тўғрими? Оқланган, шакл берилган, гул кўчатлари ўтқазилган йўлаклар. Яшилликдан кўзингиз дам олади! Кетмон, белкурак кўтарган йигитлар, супурги ушлаган қизлар эса – булар Самарқанд Ветеринария медицинаси институти талабалари, устоз – мураббийлари, асло хўжалик бўлими ходимлари эмас! 

“- Институтимизнинг умумий ер майдони 15 гектардан зиёдни ташкил этади. Бунча жойни биргина хўжалик бўлими ходимлари меҳнати билан обод этиш қийин масала! Институтимизни бир оила, деб ҳисоблайдиган бўлсак, бу оиланинг ободлигида ҳар биримизнинг улушимиз бор, албатта!

Бугун ҳамма ҳашарга чиққан! Ободонлаштиришга ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшишни истаймиз! Бугун янги Бош бино олдига экилган ноёб қимматбаҳо арча нави бир неча йилдан кейин кўкка бўй чўзиб, кўзни қувнатадиган бўлади.

Мен бунга аминман! Эндиликда ҳамиша ўз ҳудумизни ўзимиз тоза, покиза сақлашга ва обод этишга интиламиз”- дейди СамВМИ ректори Юнусов.

Устозлари билан биргаликда дарахт кўчатлари ўтқазаётган, ер ағдараётган, шоҳ-шаббаларни кесаётган, супур-сидир, ойналарни артиб - меҳнат қилаётган ёшларга қараб, бир нарса кўнглимиздан ўтди. Албатта, тозалик, покизалик – иймоннинг ярми, дейишади.
 Яна пок жойга барака ёғилиши ҳам бор гап. Аммо, ҳатти-ҳаракатларимизни бошқача талқин қиладиганлар топилиши ҳам ҳақиқат! Яқинда ижтимоий тармоқларда ҳашарда иштирок этаётган талабаларни улар дарс пайтида мажбуран ишлатиляпти, деб эълон қилишганди, Аммо бизда бундай эмас! Бу мажбурий меҳнат ҳам эмас! Асло! Талабалар ўз ҳудудларини ўзлари, ўз кучлари билан обод қилишмоқда. Ҳашар уюштиришган. Бунга уларни биров мажбурлагани  ҳам йўқ. Ана шунақа!
Ҳашарда барча бирдек иштирок этяпти. Унвонлар, лавозимлар унутилди, ҳамма бирдек меҳнат қиляпти. Муҳими, шу... 

Ҳашар эса элга ярашар!

Гулчеҳра Бердиёрова 

 

Foydali saytlar

Veterinariya sohasining rivojlanishiga o'z hissalarini qo'shib kelayotgan hamkorlarimiz