Xabar-Institut yangiliklari

image description

“РЕКТОР ВА ЁШЛАР”: МУРОЖААТЛАР ҲАЛ ЭТИЛМОҚДА...

Институт ректори, профессор Худойназар Юнусов Зооинженерия факультети талабалари билан “Раҳбар ва ёшлар” лойиҳаси доирасида биринчи марта жорий йилнинг 15 январь санасида учрашган эди. Учрашув давомида талабалар томонидан қилинган расмий мурожаатларнинг умумий сони 5 тани ташкил этади. Мазкур факультет ёшлари билан ташкил этилган навбатдаги мулоқот давомида таълим  муассаси раҳбари томонидан ушбу мурожаатлар ва таклифлар бўйича қилинган ишлар юзасидан  маълумот берилди.

Жумладан, 304 –гуруҳ талабаси  Ғиёсиддин Усанов томонидан Ветеринария акушерлиги ва сунъий уруғлантириш фанидан назарий кўникмаларни амалиётда қўллаш имкониятларини янада ошириш бўйича қилинган мурожаат масъул мутасаддилар томонидан кўриб-чиқилиб,  ушбу фандан кафедра билан ҳамкорлик қилаётган вилоятимиздаги нуфузли қорамолчиликка ихтисослашган хўжаликларда, яъни “Сиёб Шавкат Орзу”, “Чортут”, “Сардоба”, “К-Элдор”, “Наврўз” фермер хўжаликларида сунъий уруғлантириш ишларида талабаларнинг иштирок этиш имконияти яратилди. 

Факультет талабаларининг Ҳарбий кафедрада ўқиш имкониятини  яратиш мақсадида Самарқанд Давлат Университети билан музокаралар олиб борилаётгани маълум қилинди. Унга кўра, Зооинженерия таълим йўналишида таҳсил оладиган талабанинг  келгуси фаолияти хусусида асоснома тақдим қилиниши лозимлиги, бу асоснома Ҳарбий кафедра томонидан Мудофа Вазирлигига жўнатилиши ва ишлар йўлга қўйилиши бўйича маълумот берилди.

Шунингдек, ёшларнинг ўқув- малака амалиёти мавсумга қараб танланиши юзасидан ҳам мурожаатлар бўлган. Маълумки,  айни кунда институтнинг 1 ва 2- курс талабалари учун ҳафтада 5 кунлик ўқиш тизими жорий қилинди. Ўқув йили давомида бу амалиёт қолган курслар учун ҳам жорий этилади. Шунингдек, ректорнинг сўзларига кўра, талаба ўқиш давомида фақат таълим олиш билан шуғулланмасдан, ўзининг бошқа қизиқишларини ҳам амалга ошириб бориши лозим.

Дарсдан бўш вақтларида турли илмий ва ижодий тўгаракларда иштирок этиши, санъатга, мусиқага ва бошқа соҳаларга бўлган қизиқишларини намоён этиб боришлари ҳам мақсадга мувофиқдир. Институтда бунинг учун барча шароитлар ва имкониятлар талабалар ихтиёрига берилган. Ўз иқтидорларини кўрсатишлари учун вақтдан унумли фойдаланишлари зарурлиги таъкидланди.

Мурожаатлар ижроси ва билдирилаётган таклифлар юзасидан  факультет декани, доцент Эркин Шаптаков ҳамда Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор, профессор Асадулла Даминовлар ҳам ўз фикр ва мулоҳазаларини баён этдилар. 
Зооинженерия факультети Талаба ёшлари билан ўтказилган  навбатдаги “Ректор ва ёшлар” учрашувида шу каби масалалар муҳокама этилди.

Гулчеҳра Бердиёрова  

 

Foydali saytlar

Veterinariya sohasining rivojlanishiga o'z hissalarini qo'shib kelayotgan hamkorlarimiz