Xabar-Institut yangiliklari

image description

“БУ КУНЛАР ҲАМ ЎТАР КЕТАР!” ЁҲУД “КОРОНАВИРУС”ДАН ҚАНДАЙ САҚЛАНАЙЛИК?”

Кечки пайт дарс қилаётганимизда 2-синфда ўқийдиган ўғлим бир янгиликни эълон қилиб қолди. “Дарсга ниқоб тақиб келмагани учун” 1- синф ўқувчиси “каронавирус” бўлибди. Мактабга “Тез ёрдам” келиб, болани олиб кетганмиш. Тезда ўғлимнинг ўқитувчисига қўнғироқ қилиб, нима бўлганини аниқлашга киришдим. Маълум бўлишича, болакайнинг “эпилепция”си (тутқаноқ касаллиги) бўлиб, катта танаффус пайти қўзғаб қолиши натижасида, у хушини йўқотган ва “Тез ёрдам” чақиришган. 

Бор-йўғи шу, холос! Баҳорда бу хасталик бош кўтарадиган пайт-ку!

Бугун ҳамма жойда муҳокама қилинаётган ва барчани бирдек ташвишга солиб қўйган бу мавзу ҳали дунёнинг нималигини яхши англаб етмаган  мурғаб гўдакларни ҳам безовта қилаётгани рост!

ТВда, интернетда, ишхонада, кўчада, маҳаллада, ҳамма – ҳамманинг оғзида шу гап. “Коронавирус”... 

Вазият жиддий. Бугун дунёнинг 116 та мамлакатида қайд этилган бу балою-офатнинг давоси ҳали топилганича йўқ. Дастлаб Саудия Арабистонида, туялардан тарқалиб, илм-фанга маълум бўлган, вирус -инфекция шакли тожга ўхшаб кетганлиги учун “коронавирус” (Covid-2019) деб номланган бу янги касаллик инсоният тарихида учинчи марта қайд этилаётгани бизга маълум, холос. Яна ҳам аниқроғи, Хитойнинг Ухань провинциясида пайдо бўлган бу “пневмония” кўршапалак ва илонлардан тарқалганлиги таҳмин қилинмоқда. Дунё олимлари томонидан вирусга қарши турли ўнлаб вакциналар ўйлаб топилмоқда ва ҳайвонларда синаб кўриляпти. Аммо самаралиси аниқланганича йўқ... 

Аммо интернетда бошқача ваҳималар, янгиликлар. Яқингинада Тошкент шаҳрининг 16- касалхонасига келтирилганлар ва вирусга чалингани исботланганлар аудиоёзувлари. Буни қандай тушуниш керак? Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса дарҳол раддия эълон қилди. Вазир Алишер Шодмонов Матбуот анжуманида бу асоссиз, фейк хабарлар эканини таъкидлади. Шунингдек, инфекциянинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишда кўмаклашиш учун юртимизга келган таниқли ҳалқаро эксперт Михаил Фаворовнинг ташрифидан ҳам кўнглимизни тўқ қилишимиз керакми? (Аммо у бироз аввал,  Covid-2019 вирусининг Россия Федерациясига кириб келишини нолга тенг деб ҳисоблагани ва қаттиқ адашгани маълум бўлган эди. Ҳозир Россияда бу вирусни юқтириб олганлар сони 18 нафарга етган!)

Ҳа, кўнгилни тўқ қилиш мумкиндир, аммо хотиржамликка берилиб бўлмайди! 

Касалликни яширишнинг имкони борми, бизда? Албатта йўқ! Бефарқлик, лоқайдлик нималарга олиб келишини ўз кўзимиз билан кўриб, билиб, гувоҳ бўлиб турибмиз! “Мағрур, ишбилармон ” Ҳитой дунёдан ажралиб қолди (албатта инсонпарварлик ёрдамларини қабул қиляпти, аммо чорасиз!), Италия “эшик –деразаларини” ёпиб олган, ўзини “ўта” эътиқодли, “художўй”  санайдиган Эрондаги вазият ҳам жиддий. Франция, Буюк Британия, Испания Япония, Кореядаги кунлик ахборотлар кишини яна ҳам ташвишга солади.   

“Коронавирус” тарқалиши ҳавфи туфайли Қозоғистонда 8 март байрами оммавий нишонланмади, Озарбайжон Миллий байрам Наврўзни нишонлашни таъқиқлади. Ҳалқаро тадбирлар, спорт мусобақалари, анжуманлар қолдирилмоқда. Халқаро биржа савдолари касод бўлмоқда, баъзи компаниялар банкрот деб эълон қилиняпти ва ҳоказо. Ўзимизда эса, АҚШ Мудофаа вазири “Пентагон” раҳбари Марк Эспернинг баҳорда юртимизга ташрифи кутилётганди,  аммо бекор қилинибди.  

Бундай ҳолатда биз нима қилайлик? 

Ижтимоий тармоқларда кўзим тушганди: Ҳам кулгули, ҳам ачинарли вазият- бир фойдаланувчи, 3 йилдан бери машина олмоқчи бўлиб, йиғини-иб юраркан. Шу кунларда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар автомашиналар нарҳини 3 фоиздан 20 фоизга кўтариб юборганини ҳазм қилолмаган бечора, майли мен “коронавирус” бўлай, яқинда Россиядан келдим! Шундоқ бориб, Машина ишлаб чиқарувчи монополистларни бирма-бир қучоқлаб, ўпиб чиқмоқчиман! Кейин нима бўлса бўлар, деб пост қолдирибди! Ана холос! 

Ҳар кимга ўзининг ташвиши муҳим!  

ССВ нинг тавсияларига риоя қиламиз, шекилли! Кун бўйи ишда антисептик воситалардан фойдаланамиз. (Ҳар соатда қўл ювиб туришга эринсангиз, албатта!) Иложи бўлса, қўл бериб саломлашмаймиз, масофа сақлаймиз! Ниқоб тақамиз, бегоналардан, айниқса, ҳорижликлардан узоқроқ бўламиз! (Улар буни тўғри қабул қилишади! Келиним Хитойда ўқиган, икки фарзандли бўлиб, яқин бир йилдан бери Тошкентдаги Хитой компаниясида ишлаётганди. Уйдагиларнинг қатъий талабига кўра, ўз ҳисобидан таътил олишга мажбур бўлди. Хитойлик бошлиқлари бунга рози бўлган... )

Хонадонларимизда эса, исириқ топилар! 

Ҳа айтганча, бекатларда, турли жамоат жойларида “Коронавирус”дан сақланишга кафолат берамиз!” деб бошланган эълонларга алданиб қолманг-а!

Улар вазиятдан фойдаланиб қолмоқчи бўлган фирибгарлар.

Яқинда такчи ҳайдовчисини бироз ҳафа қилишга тўғри келди – ўзи тадбирга шошиб тургандим, зўр бериб, қанақадир спрейми, гелми, бир балони сотиб олишга ундайди – “коронавирус”дан сақлармиш! Сиз таксичимисиз ё чайқовчи деб бир оғиз савол бергандим, жим бўлишга мажбур бўлди! 

Ана шунақа гаплар, азизлар! Бу бир синовдир, балки! 

Бу кунлар ҳам ўтар кетар!.. Халқимизни, дунёимизни Ўзи асрасин! 

Гулчеҳра Бердиёрова

 

Foydali saytlar

Veterinariya sohasining rivojlanishiga o'z hissalarini qo'shib kelayotgan hamkorlarimiz