Xabar-Institut yangiliklari

image description

ВИТЕБСК ВЕТЕРИНАРИЯ МЕДИЦИНАСИ АКАДЕМИЯСИ РЕКТОРИ - МЕҲМОНИМИЗ

Самарқанд Ветеринария медицинаси институтига Витебск Давлат Ветеринария медицинаси Академияси ректори, қишлоқ хўжалик фанлари доктори, доцент Николай Гавриченко ташриф буюрди.

Юксак мартабали меҳмон институт ректори, профессор Худойназар Юнусов қабулида бўлди ҳамда институт раҳбарияти соҳа проректорлари, факультет деканлари ҳамда бўлим бошлиқлари билан учрашди. 

Маълумки, мазкур таълим даргоҳи институтнинг энг яқин ҳамкорларидан биридир. Ўтган 2019 йилнинг август ойида Витебск Академияси ва СамВМИ ўртасида қўшма факультет ташкил этилган эди. Айни кунда қўшма факультетда 30 нафар талабалар икки таълим йўналиши – ветеринария медицинаси ва ветеринария фармацевтикаси бўйича таҳсил олишмоқда. “2+2” дастури асосида улар икки йил Самарқанд Ветеринария медицинаси институтида, икки йил Витебск Академиясида ўқишади. Бу талабалар икки давлат - Ўзбекистон ва Беларусь, яъни СамВМИ ва ВДВМА дипломларига эга бўлишади.  

Учрашув давомида Самарқанд ветеринария медицинаси институти ҳамда Витебск Давлат ветеринария медицинаси Академияси ҳамкорлигида ташкил этилган қўшма факультет фаолиятини янада ривожлантириш, факультет негизида янги, замон талаблари асосидаги қўшимча тармоқлар ва йўналишлар очиш, ҳамкорликда янги ўқув-қўлланмалар чоп этиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. 

PS: Мутахасисларнинг фикрича, Витебск Академияси таълим дастури билан Самарқанд Ветеринария медицинаси институти дастури бир-бирига ўхшаш. Бу икки таълим муассасалари ўртасида талабалар алмашинуви йўлга қўйилган. Ўтган 2019 йилда 5 тафар СамВМИ талабаси уч ой муддат давомида Витебск Академиясида таълим олиб қайтган эди. Жорий йилнинг март ойида яна 15 нафар талаба Витебскка ўқиш учун йўл олади. 

Шунингдек, айни дамда 2 нафар талаба Витебск Академиясининг магистратура йўналишида кундузги бўлимда ўқимоқда. Яна 1 нафар талаба эса Академиянинг сиртқи бўлимида таҳсил оляпти.

Николай Иванович уч кун давомида Самарқандда меҳмон бўлади. Беларусь Академияси ректорининг ташрифи юзасидан ахборотлар беришда давом этамиз.

Бизни кузатиб боринг! 

Гулчеҳра Бердиёрова

Foydali saytlar

Veterinariya sohasining rivojlanishiga o'z hissalarini qo'shib kelayotgan hamkorlarimiz