Xabar-Institut yangiliklari

image description

Таълим кластерининг жорий этилиши коррупциянинг олдини оладими?

Вилоят Матбуот Марказида Самарқанд Ветеринария медицинаси институти раҳбарияти иштирокида Матбуот анжумани бўлиб ўтди.  

Маълумки, Самарқанд Ветеринария медицинаси институти мамлакатимиздаги 117 та, қолаверса Самарқанддаги 10га яқин олий таълим муассасалари орасида ўзига хос нуфузи ва салоҳияти билан ажралиб турувчи Марказий Осиёдаги ягона, ветеринария медицинасига ихтисослашган олий ўқув юртидир. 

Бугун мамлакатимизнинг барча соҳаларида , қолаверса, олий таълим тизимида катта ўзгаришлар, ислоҳотлар амалга оширилмоқда, янгиликларга қўл урилмоқда. Олий таълимни коррупциясиз соҳага айлантириш борасида ҳаракатлар қилиняпти.

Бу ўзгаришлар жараёнида Самарқанд Ветеринария медицинаси институтининг ўрни ва роли қандай?

Ташкил этилганига эндигина икки йил бўлган Таълим даргоҳида нима янгиликлар қилинмоқда, қандай мутахассислар тайёрланмоқда?

Бу таълим даргоҳи тайёрлаб бераётган мутахассислар билими, савияси билан бугунги кун талабига жавоб берадими? 

Матбуот анжуманида шу ҳақда сўз борди. 

Институт ректори, биология фанлари доктори, профессор Худайназар Юнусов бошлиқ таълим муассасаси раҳбарлари ОАВ вакиллари, журналистлар ва блогерларни қизиқтирган саволларга жавоб бердилар.

Шунингдек, мамлакатимиз олий таълим тизими учун ҳали янгилик бўлган лойиҳа – Таълим кластери хусусида маълумот ва ахборотлар берилди. Мазкур лойиҳадан кўзланган мақсад, унинг молиявий ва иқтисодий томонлари таништирилди.

Ветеринария ва қишлоқ хўжалик мутахассислари бугун мамлакатимиз иқтисодиёти учун масъулиятли соҳа вакиллари сифатида эътироф этилмоқда. Президентимизнинг Парламентга мурожаатномасидан келиб чиққан ҳолда, чорвачилик ва қишлоқ хўжалиги соҳасида янги инновацион лойиҳалар ва самарали усулларни қўллаш халқимиз дастурхони тўкин, турмуши фаровон бўлишининг асосий шартларидан бири эканлиги эътироф этилди. Қолаверса, илм-фан ютуқлари ҳамиша юртимиз тараққиёти учун хизмат қилиши керак. 

Анжуманда бугун долзарб бўлиб турган яна бир мавзу – Коррупция муаммоси хусусида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди. Айнан, Самарқанд Ветеринария медицинаси институтида бу муаммога қарши қандай кураш олиб борилаётгани матбуотчиларни қизиқтириши табиий. Бу ҳақидаги саволларнинг барчасига масъуллар томонидан очиқ ва атрофлича жавоб берилди.

Кластер тизими жорий этилганда, бу салбий иллатларга умуман йўл қолмаслиги, коррупцияни юзага келтираётган омилларнинг ўз-ўзидан бартараф этилиши аниқ мисоллар асосида тушунтириб берилди.  

Самарқанд Ветеринария медицинаси институти Ахборот хизмати

 

Foydali saytlar

Veterinariya sohasining rivojlanishiga o'z hissalarini qo'shib kelayotgan hamkorlarimiz