Yangiliklar

Асал қиймат занжирини ривожлантириш, энг илғор тажрибалар, муаммолар ва имкониятлар СамВМИда семинар тренинг

Асал қиймат занжирини ривожлантириш, энг илғор тажрибалар, муаммолар ва имкониятлар  СамВМИда семинар тренинг

Асал дейилганда - кўз олдимизга кўп минг йиллик тарихга эга шифобаҳш неъмат келади. Статистик маълумотларга кўра, инсониятга у деярли 4 ярим минг йиллардан буён маълум ва асаларичилик эса, одамлар учун маълум бўлган иккинчи касб сифатида эътироф этилади. Таркиби табиий, сув ва шакардангина иборат бўлган асал олимлар томонидан кўп ўрганилган. тадқиқ этилган. Бугун ҳам дунё мамлакатларида асаларичилик соҳасини ривожлантиришга, асал маҳсулотларини етиштиришга бўлган эьтибор ва талаб йил сайин ортиб бормоқда. Айниқса, экологик тоза асал ишлаб чиқаришга бўлган эҳтиёж ниҳоятда юқори. Бугун у дунёда саноат даражасида ишлаб чиқарилади.

Самарқанд Ветеринария медицинаси институтида USAIDнинг Ўзбекистонда Агробизнесни ривожлантириш лойиҳаси ҳамда Вилоят Асаларичилар Уюшмаси билан ҳамкорликда «Асал қиймат занжирини ривожлантириш, энг илғор тажрибалар, муаммолар ва имкониятлар” мавзусидаги семинар - тренинг иш бошлади. Тренингда талаба – ёшлар билан биргаликда, асаларичилик хўжаликлари мутахассислари, бошловчи асаларичилар ва тадқиқотчи амалиётчилар иштирок этишмоқда. 

Табиий маҳсулот ҳисобланган асал етиштириш, уни қайта ишлаш ва экспорт қилиш борасида мамлакатимизда қандай илғор тажрибалар мавжуд? Семинарда лойиҳа координаторлари ва бу соҳада катта муваффақиятларни қўлга киритган мутахассислар - Шерали Суярқулов, Ҳайдар Рашидов, Дилшод Ортиқов, Ғолибжон Маҳмудовлар томонидан тақдимотлар намойиш этилди. 

“ – Асаларичиликни китобдан ўрганиб бўлмайди, уни юриб, кўриб, машаққатини ҳис қилиб ўрганиш мумкин. Тўғри, ҳозир интернетдан ҳамма нарсани топишнинг иложи бордир, аммо бу камлик қилади. Бу ишни бошлаш учун сизда аввало, яхши ғоя, сўнг яхши Устоз бўлиши керак.  71 йил, 11 ёшимда болалик қизиқиши билан 2 қутида асалари боқишни бошладим. Ота – онам аслида бизни бирор фойдали иш билан машғул бўлишимизни истаб, бунга руҳсат беришганди. Фарғона шаҳрида яшаганмиз, устозим ҳам рус миллатига мансуб киши эди. Шу боис, кўпқаватли асалари уясидан фойдаланардик. Бизнинг маҳаллий шароитда эса, оддий асалари уя -қутиларидан фойдаланилади. Мактабни битирар йилим эса, қилган даромадимга “Урал” мотоциклини сотиб олиб, ҳаммани ҳайратда қолдирганман,” - дейди, Фарғона вилояти Асаларичилик Уюшмаси аъзоси, йирик тадбиркор ва асаларичилик фермер хўжалиги раиси Шерали Суярқулов. 

Дарҳақиқат, бу соҳа анча даромадли. Иш тўғри ташкил қилинса, асалдан яхши даромад қилиш мумкин. Бозорда бир килоси 90 минг сўм атрофида бўлган бу шифобаҳш неъмат табиийлиги, тозалиги ва меҳнатининг машаққати боис, гўштдан ҳам қиммат баҳоланади. 

Мутахассислар томонидан жараённи ташкил этиш, ишни бошлаш, асалариларни парвариш қилиш ва технологиялар борасида семинар – тренинг иштирокчиларига зарурий билим ва қимматли маълумотлар  берилди. Меҳмонларга “самарқандча” мулозамат кўрсатилиб, “Орзу - Олим -Дилмурод - ” асаларичилик фермер хўжалиги раиси Ориф Илёсов (Тайлоқ тумани) томонидан совға – саломлар тақдим этилди. 

Асаларининг асалдан ташқари, прополиси, заҳри, гулчанги, муми, сути табиатнинг инсонга инъом этган саҳоватидир. Биз уни ўрганишда, тадқиқ этишда давом этаверамиз. Шунингдек у биз учун катта даромад манбаи бўлиши ҳам мумкин. Бунинг учун соҳани яхши ўрганишимиз ва ишни талаб даражасида ташкил этишимиз керак. 

Семинар эртага ҳам ўз ишини давом эттиради.

СамВМИ Ахборот хизмати